Шавкат Мирзиёев Россия бош вазирини қабул қилди
Музокараларда ҳамкорлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Россия делегацияси Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилиши доирасида мамлакатда бўлиб турибди.
Учрашув аввалида Михаил Мишустин Шавкат Мирзиёевга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломини етказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Россия Президентининг жорий йил 26-28 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида қабул қилинган қарор ва келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода, Қўшма комиссиянинг кеча ўтказилган навбатдаги йиғилишининг самарали натижалари юқори баҳоланди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор соҳаларида ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жадаллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон раҳбари ҳудудлар даражасида амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, миграция соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этди.
Шунингдек, учрашув давомида томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.