Рақобат қўмитаси "Эрмак" савдо белгиси бўйича сўровни рад этди
Ушбу савдо белгиси таъсисчиси Organic маҳсулоти устидан шикоят қилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси "Эрмак" савдо белгиси таъсисчиси бўлган МЧЖ сўровини рад этди.
Маълум бўлишича, даъвогар "Зафархон" МЧЖ "New Organic Natural" МЧЖ томонидан Organic кўринишида фойдаланаётган товар белгиларининг ташқи кўринишлари, товар белгиларининг товардаги жойлашган жойлари шунингдек жамлама кўринишлари ва белгилари истеъмолчиларни адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги натижасида жамиятнинг ушбу товар белгисига бўлган ҳуқуқлари бузилаётганлиги сабабли чора кўришни сўраб ариза ёзган.
Адлия вазирлигининг 2024 йил августдаги хулосасига кўра,товар белгиларида ўхшашлик йўқ ва ҳуқуқлар бузилмаган. Шу билан бирга Интеллектуал мулк агентлиги томонидан "Ermak" жамлама белгили маҳсулотлар қадоғларидаги тасвирларни, яъни ёнғоқ, писта ҳамда қайта ишланган кунгабоқар (семечки) уруғларини товар белгисига ҳимоя қилинмайдиган қисм сифатида рўйхатга киритилганлиги аниқланди.
Шунингдек, "Эрмак" ва Organic сўзлари фонетик ва маъно жиҳатдан ҳам ўхшаш эмаслиги хулоса қилинди.
Шу ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда Рақобат қўмитаси "New Organic Natural" МЧЖни инсофсиз рақобатни амалга оширган дея топмади. Якуний ажримга кўра, ушбу МЧЖга қарши иш қўзғатиш рад этилди.
Телеграмда кузатиб боринг!