Павел Дуров қўлга олинганидан буён илк бор баёнот берди

Телеграм асосчисининг айтишича, "махфийлик ва хавфсизлик ўртасида мувозанат сақлаш осон эмас". 

Жаҳон
6 сентябрь, 9:50
Павел Дуров қўлга олинганидан буён илк бор баёнот берди

Телеграм асосчиси Павел Дуров август ойи охирида Франция ҳукумати уни уюшган жиноятчиликка алоқадор бир қанча айбловлар билан айблаганидан кейин илк бор баёнот берди

Унинг сўзларига кўра, полиция Парижга келганидан кейин тўрт кун давомида уни сўроқ қилган. Хусусан, унга Франция расмийлари мессенжердан бошқалар томонидан ноқонуний фойдаланганлик учун шахсан жавобгар бўлиши мумкинлиги айтилган. 

Дуров бу айбловларни ҳайратланарли деб атади. "Агар мамлакат интернет хизматидан норози бўлса, хизматнинг ўзига қарши суд жараёнини бошлаш одатий ҳолдир. Бош директорни ўзи бошқарадиган платформада учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятларда айблашда қонунлардан фойдаланиш нотўғри ёндашувдир", — деб ёзган Дуров. 

"Махфийлик ва хавфсизлик ўртасида мувозанатни сақлаш осон иш эмас. Махфийлик қонунларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш талаблари билан ва маҳаллий қонунларни Европа Иттифоқи қонунлари билан мувофиқлаштиришингиз керак. Сиз технологик чекловларни ҳисобга олишингиз керак. Платформа сифатида сиз жараёнларингиз бутун дунё бўйлаб изчил бўлишини ва қонун устуворлиги заиф мамлакатларда улар суиистеъмол қилинмаслигини таъминлашни хоҳлайсиз. Биз тўғри мувозанатни топиш учун регуляторлар билан ишлашга содиқмиз. Ҳа, биз ўз тамойилларимизда турибмиз: тажрибамиз авторитар режимларда фойдаланувчиларимизни ҳимоя қилиш миссиямиз асосида шаклланади. Лекин биз доимо мулоқотга очиқ бўлганмиз. Баъзан биз мамлакатнинг регулятори билан махфийлик ва хавфсизлик ўртасидаги тўғри мувозанат ҳақида келиша олмаймиз. Бундай ҳолларда биз бу мамлакатни тарк этишга тайёрмиз. Биз буни кўп марта қилганмиз. Россия биздан кузатувни фаоллаштириш учун «шифрлаш калитларини» топширишимизни талаб қилганида, биз рад жавобини бердик ва Телеграм Россияда тақиқланган эди. 

Эрон тинч намойишчиларнинг каналларини тўсиб қўйишимизни талаб қилганида, биз рад жавобини бердик – ва Телеграм Эронда тақиқланганди", деди Дуров. 

"Принципларимизга тўғри келмайдиган бозорларни тарк этишга тайёрмиз, чунки биз учун  пул муҳим эмас. Бизнинг мақсад одамларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш", дея хулоса ққилади Телеграм асосчиси. 

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+