Ҳукумат вакиллари Бойсундаги ҳодиса жойига борди

Президент топшириғига кўра Очилбой Раматов, Жўрабек Мирзамаҳмудов, Абдулла Қўлдошев ва бошқалар олтингугурт гази чиқиши кузатилган жойда бўлишди. 

Жамият
2 сентябрь, 12:55
Ҳукумат вакиллари Бойсундаги ҳодиса жойига борди

1 сентябр куни соат 15:17 да Сурхондарё вилояти, Бойсун туманидаги бурғулаш қудуғида бурғулаш ишлари олиб борилиши вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

Воқеа туфайли фуқароларнинг тан жароҳати олиши ёки ҳалок бўлиш ҳолатлари кузатилмаган. Айни пайтда вазият тўлиқ назорат остида экани айтилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан, Бош вазирининг ўринбосари А.Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Абдулла Қўлдошев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб боришди. 

Бу ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, Тезкор штаб ташкил қилинган. Техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, водород сулфид — бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ. 

У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилиятининг йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+