Сентябр ойи учун тахминий об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Шундай йиллар кузатилганки, сентябрда Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича умуман ёмғир ёғмаган. Сўнгги марта бундай аномал қуруқ ой 2021 йил кузатилган.
Ўзбекистонда кузнинг биринчи ойи бўлган сентябрда қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди.
Ойнинг биринчи ўн кунлигида қулай ҳарорат фонида қуруқ об-ҳаво ҳукм суриши кутилмоқда.
Кечаси ва эрта тонгда 12-17 даража ҳароратда тетиклантирувчи салқинлик сезилади, кундузи эса қуёш нурлари ҳавони 28-33 даражагача, баъзи жойларда 35 даражагача иситади. Ўн кунликнинг иккинчи ярмида 24-27 даражагача қисқа муддатга пасайиши мумкин.
Кейинчалик, сентябрь ойининг охиригача пастроқ фонда ҳарорат кечалари
13-18 даражадан 7-12 даражагача, кундуз кунлари 28-33 даражадан 20-25 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Ойнинг учинчи ўн кунлигининг айрим кунларида қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин.
Сентябрь – кузининг биринчи ойи, аммо Ўзбекистонда об-ҳаво шароитига кўра, кўпинча ёзга ўхшайди.
Кўп йиллик кузатув маълумотларига кўра, республика ҳудудининг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат 30-33 даражани, ойнинг иккинчи ярмида 26-29 даражани ташкил этади.
Ёмғир одатда камдан-кам ёғади, ой учун ўртача 1-4 марта ва кўп ҳолларда жадаллиги паст бўлади.
Шундай йиллар кузатилганки, сентябр ойида Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича умуман ёмғир ёғмаган. Сўнгги марта бундай аномал қуруқ сентябр ойлари 2007 ва 2021 йилларда кузатилган эди.