platina.uz

Шавкат Мирзиёев олимпиада иштирокчилари ва уларнинг яқинлари билан учрашди

Учрашувда 2028 йилги Олимпия ўйинларига тайёргарлик масаласи кўтарилди. Президент оммавий спортни ривожлантириш масаласини кўтарди. 

Спорт
28 август, 13:25
Шавкат Мирзиёев олимпиада иштирокчилари ва уларнинг яқинлари билан учрашди

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдириши таъкидланди.

"Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир.

Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди",
- деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

"Эсингизда бўлса, биз Токио олимпиадасидан сўнг кейинги сафар албатта жаҳонда кучли ўн бешталикка кирамиз, деб ният қилган эдик.

Лекин фақат ниятнинг ўзи билан чекланмасдан, аввало, бу масалага бўлган қарашимизни ўзгартириб, уч йил давомида қаттиқ ва тинимсиз меҳнат қилдик, спортчиларимиз учун барча шароитларни яратиб, ана шундай юксак марраларни забт этдик", - деди Президент нутқининг давомида.

Бокс бўйича миллий терма жамоамиз олтин медаллар сони бўйича мамлакатимиз тарихида Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини ёки 71 фоизини бизнинг боксчилар қўлга киритдилар.

Президент Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқовни ана шундай шонли ютуқлари билан яна бир бор қизғин табриклади.

Президент Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини астойдил ҳимоя қилган, лекин озгина омади келмаган спортчиларни ҳам самимий табриклади.

Хусусан, бадиий гимнастика бўйича спортчи қизлар Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта гуруҳ беллашувларининг финал босқичига етиб бордилар.

Улар дунёнинг энг кучли 8 та жамоаси орасидан жой эгаллагани ҳам ўзига хос муҳим натижа бўлгани қайд этилди.

Президент барчамиз гувоҳи бўлган яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтди.

Бокс бўйича ўзбек мураббийси Акмал Ҳасанов қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ёрдам бериб, уни мусобақанинг финалигача боришида кўмаклашгани минтақадаги дўстона муносабатнинг ёрқин намунаси бўлди.

Президент Париждаги натижаларни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини қайд этди.

Масалан, Париж олимпиадасида 32 та спорт тури бўйича 329 та медаль учун кураш олиб борилди.

Сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси, енгил атлетика, эшкакли, байдарка ва каноэда сузиш, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича бизда спорт федерациялари ҳам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун тегишли база ҳам бор. Энг муҳими, бу борада иқтидорли спортчилар ҳам етарли экани таъкидланди.

Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари, юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятлар жуда кўплиги қайд этилди.

15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозимлиги таъкидланди.

Ҳукуматга спорт федерациялари раҳбарлари билан биргаликда ҳар томонлама асосланган таклифларини киритиш топширилди.

Оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас бир қисми бўлиши кераклиги қайд этилди.

Шу боис мамлакатда оммавий спортни янада ривожлантириш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Яқинда Президент фармони билан 33-ёзги Олимпиада ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари ҳамда спорт делегация аъзоларидан бир гуруҳи мукофотланган эди.

Бугунги маросимда давлат раҳбари ушбу юксак мукофотларни ўз соҳибларига тантанали топширди.

Сўзга чиққан спортчилар, мураббий ва ота-оналар эътибор ва ишонч, яратилган шароитлар ва рағбат учун миннатдорлик билдирди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+