Суданда тўғон ёрилиши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлди
Ушбу тўғон мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Порт Суданнинг сув манбаи ҳисобланади. Ҳодиса сабаб 20 та қишлоқ вайрон бўлган.
Шарқий Суданда кучли ёмғир туфайли Порт Судан шаҳридан 40 км шимолда жойлашган тўғон ёрилиб кетди.
Натижада камида 30 киши ҳалок бўлди, лекин қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкин, деб ёзади Reuters БМТ маълумотларига асосланиб. Тўғон ёрилиши оқибатида 20 га яқин қишлоқ вайрон бўлган.
Ёрилган тўғон Порт Судан аҳолиси учун чучук сувнинг асосий манбаи ҳисобланади. 2023 йил ҳолатига кўра шаҳар аҳолиси 489 минг кишини ташкил қилади.
Судан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, кучли ёмғир ва тошқинлар натижасида жами 132 киши ҳалок бўлган. 150 дан 200 гача одам бедарак йўқолган. Ёмғирли мавсум мамлакатнинг ўнта вилоятига таъсир кўрсатди.
Энг кўп зарар кўрган ҳудудлар Шимолий провинция ва Нилдир. БМТ маълумотларига кўра, 50 мингга яқин одамнинг уйи зарар кўрган.