platina.uz

Суданлик қочқинлар ҳам украиналиклар каби бошпанага лойиқ

Европа украиналик қочқинларни қучоқ очиб кутиб олди. Энди у Судандаги можародан қочганлар учун ҳам шундай қилиши керак, деб ёзади “Ал-Жазира” колумнисти.

Жаҳон
17 май 2023 йил
Суданлик қочқинлар ҳам украиналиклар каби бошпанага лойиқ

26 апрел куни Жамоат палатасида Бош вазир билан савол-жавоблар чоғида Шотландия миллий партияси депутати Стивен Флинн Буюк Британия Бош вазири Риши Сунакдан Судандан қочиб кетмоқчи бўлган бола Буюк Британияга қандай хавфсиз ва қонуний йўл топиши мумкинлигини айтиб беришни сўради.

Сунак бу саволга жавоб бериш ўрнига ўз ҳукуматининг Британия дипломатлари ва фуқароларини Судандан эвакуация қилиш ҳаракатлари ҳақида гапира бошлади.

Депутат Флинн яна саволини қайтарганида эса Сунак масаладан баттар узоқлашиб кетди ва “Биз сўнгги беш йил ичида Судандаги аҳолини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган гуманитар ёрдам учун деярли 250 миллион фунт стерлинг ажратдик”, деди.

Ўз ҳукуматининг Судандаги ҳатто энг ёрдамга муҳтож фуқарорларни ҳам кутиб олишни рад этаётганидан чалғитиш мақсадида Сунак Буюк Британия "ёрдамимизга муҳтож бўлганларни раҳм-шафқат билан қўллаб-қувватлашдан ғурурланишини" қўшимча қилди.

Кейинчалик, ички ишлар вазири Суелла Браверман BBC Breakfast’га берган интервюсида Буюк Британия ҳукуматининг Судандаги устувор вазифаси "Британия фуқаролари ва уларнинг қарамоғидагиларга ёрдам бериш" эканини тасдиқлади.

Нега ўтган йили Россия босқинидан қочган украиналикларга очилгани каби суданлик қочқинларга ҳам Буюк Британияга хавфсиз йўлак очилмаяпти, деган саволга Браверман "[Судандаги] вазият Украинаникидан жуда фарқ қилади", дея жавоб берди.

Албатта Владимир Путин очган ва давом эттираётган босқинчик уруши Украина халқига ақл бовар қилмайдиган азоб-уқубатларни келтирди.

Минглаб одамлар ҳалок бўлди ва миллионлаб одамлар рус ҳарбийларининг ваҳшиёна зўравонлигидан қочишга мажбур бўлишди. Буюк Британия Путиннинг зўравонлигидан қочган украиналикларни қучоқ очиб кутиб олди, "Украина учун уйлар", "Оила схемаси ва кенгайтириш схемаси" каби махсус дастурларни йўлга қўйди. Бу уларга Буюк Британияда уч йилгача эркин яшаш, мактаб таълими ҳамда соғлиқни сақлаш каби тизимлардан эркин фойдаланиш ва ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқини берди.

Худди Украина каби, Судан халқи ҳам ҳозирда кенг тарқалган зўравонликдан азият чекмоқда, бу айниқса аҳоли зич жойлашган шаҳар марказларида яққол кўзга ташланади.

Суданда 15 апрел куни бошланган жанглардан буён камида 528 киши ҳалок бўлди ва 4599 киши жароҳат олди, айни пайтда миллий соғлиқни сақлаш тизими бутунлай таназзул ёқасида турибди.

Пойтахт Хартумда кучли артиллерия ва ҳаво ҳужумлари давом этамоқда, озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислиги кузатилмоқда.

Хўш, нега Буюк Британия ҳукумати Судандаги вазиятни Украинадагидан "фарқли" деб ўйлайди ва суданлик бошпана изловчилар украиналик қисматдошларига қараганда Британия бошпанасига камроқ лойиқ деб ҳисоблайди?

Европанинг миграцияга бўлган муносабатига бироз эътибор қаратган ҳар бир киши учун жавоб аён: Сунак ҳукумати Судандаги можародан қочганларга ёрдам беришга мажбур эмас, чунки Судан Aфрикада, суданликлар эса африкаликдир.

Сунак ҳам ўзидан олдинги салафлари сингари “ноқонуний миграция”га қарши кураш ваъдаси билан бош вазир бўлди. У кичик қайиқларда сувни кечиб ўтиш орқали Британияга келган муҳожирларни – аксариятининг териси жигарранг ва қора рангда бўлган муҳожирларни тўхтатиб қолишни сиёсий устувор вазифа қилиб қўйди. Унинг ҳукумати ҳатто минглаб шундан муҳожирларни Руандадаги ҳибсхоналарга қайтариб жўнатиш кўзда тутилган ноинсоний, қиммат ва шафқатсиз режани ишлаб чиқди. Сунак шунингдек, бутун дунё бўйлаб бошпана изловчиларнинг аксарияти учун Британияга қонуний келиш йўли йўқлигини ва кичик қайиқларда келганларнинг катта қисми охир-оқибат бошпана сўраб, қонуний яшаш ҳуқуқини олиши мумкинлигини билган ҳолда Британияга "ноқонуний" равишда кичик қайиқда келган ҳар бир кишини ҳибсга олишини даъво қилди.

Ҳукуматнинг асосан Aфрика, Шарқий Осиё, Болқон ва Яқин Шарқдан кичик қайиқларда сузиб келаётганларга қарши давом этаётган тазйиқлари ва украиналикларни доимий қўллаб-қувватлаши буни яққол кўрсатмоқда: баъзи бошпана изловчилар Британияда бошқаларга қараганда яхшироқ муносабат кўрсатиб кутиб олинади.

Шуни эсда тутиш керакки, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, мамлакатда яшовчи кўплаб африкалик аҳоли Европада бошпана топиш учун ҳаракат қилган. Тушунарсиз сабабларга кўра, уларнинг баъзилари ҳатто Полша ҳудудига иммиграцион ҳибсхоналарда сақланмоқда.

Бироқ, кўзи кўк, терисининг ранги оқ бўлган украинлар учун бутун Европа бошпана беришга бажонидил рози бўлди. Европадаги ҳеч бир ҳукумат инқирознинг эҳтимолий “миграция оқибатлари”дан нолимади. Ҳеч ким урушдан қочганлар “ноқонуний муҳожирлар”га айланиб, ўз мамлакатларига оғир юк бўлиши мумкин, деб айтишга уринмади. Aсосий эътибор украиналикларнинг хавфсизликка муҳтожлиги ва уларга эркин ва муносиб ҳаёт кечиришлари учун энг яхши имкониятни беришга қаратилди.

Халқаро оммавий ахборот воситалари ҳам украиналик қочқинларга нисбатан жамиятнинг раҳмини келтиришга уринди, бутун дунё аҳолиси уларнинг аҳволидан доимий хавотирда бўлишларини таъминлади ва ҳатто ўз чегараларида уларга ёрдам беришда жуда секин ёки самарасиз фаолият кўрсатаётган Европа ҳукуматларини танқид остига олди. Ҳатто Европа ОАВларидан бирининг мухбири ўз репортажида “украинларга албатта ёрдам бериш керак, қаранг, улар ўзимизга жудаям ўхшаб кетишади” дея очиқ дискриминацияга йўл қўйгани ҳам шунчаки табассум уйғотди холос. Айни пайтда ривожланган давлатлардан бошпана топган украинларнинг деярли ярми ватанига қайтиш нияти йўқлигини, бошпана берган давлатда бир умр қолиб кетишни ният қилганини очиқ айтаётгани ҳам ҳеч кимни ажаблантираётгани йўқ.

Бироқ Фаластин ва Ямандан тортиб Aфғонистонгача, ҳозир эса Судангача бўлган бошқа ҳудудлардаги можаролар ва урушлар қурбонлари учун бундай қилинмади.

Дарҳақиқат, узоқ вақтдан бери кенг қамровли зўравонлик ва сурункали иқтисодий курашлардан азият чекаётган Судан халқи ҳозир Украинадаги вазиятдан кам бўлмаган гуманитар инқирозга дуч келмоқда. Бироқ, Судандаги оғир вазият бутун дунё виждонини Украинадагидек тез ёки керак бўлган даражада безовта қила олмади.

Европа ва ундан ташқаридагилар буни тан оладиларми ёки йўқми, суданликлар азоб чекмоқда ва уларнинг кўплари ўз ватанларини тарк этиш ва бошқа хавфсиз жойларни топиш йўлларини қидиришмоқда. Кўпчилик, шубҳасиз, Aфрикадаги Чад, Миср ва Жанубий Судан каби қўшни мамлакатларга кўчиб ўтишса-да, иқтисодий имкониятлардан тортиб оилавий алоқаларгача бўлган сабабларга кўра аксарият қочқинлар Европа ёки Шимолий Aмерикага боришга ҳаракат қилишади.

Баъзилар Италияда янги ҳаёт бошлаш учун жонини хатарга қўйиб, Ўрта ер денгизини кечиб ўтишмоқда. Лекин бу ерда улар ёрдам ёки қочқин мақомини олишларига кафолат йўқ. Европа қитъасига етиб олганларнинг баъзилари кейин Буюк Британиядан бошпана олишни исташлари мумкин. Бироқ бошпана сўрашнинг хавфсиз ва қонуний йўллари йўқлиги сабабли, ноқонуний йўл билан дарё ва денгизларни кичик қайиқларда кесиб ўтишга мажбур бўлишмоқда. Бу эса кочқинларга янада кўпроқ азоб ва ўлим олиб келмоқда.

Айтиш жоизки, суданлик бошпана изловчилар украиналиклар каби можаро қурбонлари бўлмагани учунгина Европада бошпана топишдан умидларини узмасликлари лозим. Ўтган йили Европа давлатлари қисқа вақт ичида миллионлаб украиналикларни жойлаштира олди. Улар суданлик бошпана изловчиларнинг нисбатан кичик қисми учун ҳам худди шундай қилиш имкониятига эга.

Сунак ва унинг Европадаги ҳамкасблари зудлик билан суданлик можаро қурбонлари учун ўз мамлакатларида бошпана сўрашининг хавфсиз ва қонуний йўлларни яратишлари керак. Ҳар қандай муқобил позиция нафақат адолатсиз ва ғайриинсоний бўлади, балки уларнинг мамлакатлари обрўсига ҳам путур етказади, деб ёзган “Ал-Жазира” колумнисти.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+