Telegram жамоаси илк бор Дуровнинг қўлга олинишига изоҳ берди
"Telegram Европа иттифоқи қонунларига риоя қилади ва яширадиган ҳеч нарсаси йўқ" дейилади унда.
Telegram жамоаси илк бор Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига изоҳ берди.
Расмий каналдаги постга кўра, жамоа Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга риоя қилишини маълум қилган.
"Telegram бош директори Павел Дуров яширадиган ҳеч нарсаси йўқ ва тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади. Ушбу платформани суиистеъмол қилиш учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар, деб даъво қилиш мантиқсиздир", - дейилади хабарда.
Telegram жамоаси, шунингдек, вазиятнинг тезроқ ҳал қилинишини кутишларини қўшимча қилишди.
Эслатиб ўтамиз, мессенжер асосчиси Павел Дуров 25 август куни Париж аэропортида ушланди. Унга нисбатан бир қатор айбловлар, хусусан, терроризм, гиёҳвандлик, жиноий шерикчилик, фирибгарлик, пул ювиш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, Telegram’даги педофилияга асосланган контент кабилар илгари сурилмоқда.