Россия Украина бўйлаб оммавий ракета ҳужуми уюштирди
Волин вилоятидаги Луцк шаҳрида бир киши ҳалок бўлган, портлашлар сабаб пойтахт Киевнинг айрим ҳудудларида электр ва сув таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Россия ҳарбий ҳаво кучлари Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари берди. Ҳужумлар Киев, Волин, Полтава, Харков, Одесса ва бошқа шаҳарларда кузатилган.
Россиянинг Волин вилояти Луцк шаҳрида ракета ҳужуми натижасида турар-жой биносига зарар етди.
Бу ҳақда шаҳар мэри Игор Полишчук маълум қилди. Кейинроқ шаҳар маъмурияти раҳбари ҳужум натижасида бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди.
Полтава вилоятида саноат объекти шикастланган, беш киши жароҳатланган. Бу ҳақда вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Филипп Пронин ўзининг телеграм-каналида ёзди.
Киевда гувоҳлар портлашлар ҳақида хабар беришди. Россия давлат агентлиги ТАСС Жулиан аэропорти ҳудудидаги портлашлар ҳақида ёзмоқда. Пойтахтнинг бир қанча туманлари электр таъминотисиз қолди, Киевнинг ўнг қирғоғида сув таъминотидаги узилишлар қайд этилди, дейди шаҳар мэри Виталий Кличко.
Портлашлар ҳақида, шунингдек, Харков, Днепр, Винница, Кривой Рог, Хмелницкий, Лвов, Кропивнитский, Одесса ва Запороже ҳокимиятлари ва ахборот каналлари хабар берган.