Афғонистон билан қишлоқ хўжалиги бўйича келишувлар кутиляпти
Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги ходимларига онлайн тренинг ҳам ташкиллаштирди.
15 август куни Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов амалий ва ишчи ташриф билан Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида бўлди.
Ташриф дастурига мувофиқ, вазир Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири А.Умарий билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида аграр ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаб, икки давлат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш орқали ўзаро озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини даромадини ошириш масалалари, амалдаги лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди.
Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудида афғон заъфаронини етиштириш, Ўзбекистон томонидан Афғонистонга тупроқ таҳлилини ўтказиш бўйича мобил (кўчма) лабораториясини беғараз тақдим қилиш борасида битимлар имзолашга келишиб олинди.
Бундан ташқари, келгусида Афғонистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, давлатлар иқлим шароитига мослашган йирик ва майда шохли чорва молларини ўзаро айирбошлаш ҳамда Ўзбекистонда яратилган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини Афғонистон ҳудудида синаш ва уруғчилигини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти томонидан Афғонистонда мазкур соҳада фаолият юритаётган 10 нафар вазирлик ходимлари учун қисқа муддатли онлайн тренинг ташкил этилди. Учрашув якунида онлайн семинар-тренингда иштирок этган ходимларга сертификат топширилди.