platina.uz

Камбағалликка қарши курашиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказилди

Агентлик ҳар йили 50 та маҳалла танлаб, уларни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб боради.

Иқтисод
14 август, 19:27
Камбағалликка қарши курашиш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказилди

Камбағалликни қисқартириш вазифалари энди тўлиқлигича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ўтказилди. Улар бугун президентга соҳа бўйича тақдимот қилди.

Энди камбағалликни аниқлаш мезонлари ва манзилли рўйхатига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги ва камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлганлар киритилади. Бундай оилалар “маҳалла еттилиги” ва фаоллари томонидан овоз бериш йўли билан тасдиқланади. Камбағалликдан чиқаришга қаратилган барча ижтимоий хизмат ва ёрдамлар “Инсон” марказлари томонидан амалга оширилади.

Камбағаллик омилларини ўрганиш учун ижтимоий ҳимоя ва бандлик масалаларида 8 та йўналишда ягона саволнома ишлаб чиқилади. Шу асосида оилаларнинг имкониятлари баҳоланиб, 3 та тоифага ажратилади. Ҳар бир оилага индивидуал ёндашилиб, “оёққа туриши”га кўмаклашилади.

Шу тахлит, камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллалар рўйхати ҳам шакллантирилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва ҳокимликлар томонидан ҳар йили 50 та маҳалла танлаб олиниб, улар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириб борилади.

Бугунги кунда ҳоким ёрдамчиларига 20 дан ортиқ вазифалар юклатилган. Шу сабабли камбағалликни қисқартириш масаласи иккиламчи даражага тушиб қолган. Энди ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятини қайта кўриб чиқилиб, асосий эътибор камбағалликни қисқартириш ва улар бандлигини таъминлашга қаратилади.

Ҳар йили камбағалликни қисқартиришга 14 триллион сўм йўналтирилмоқда. Лекин бу маблағ 40 турдаги молиявий воситалар орқали, 10 га яқин идора томонидан берилмоқда, ягона ёндашув йўқ. Шу боис бу тизим ҳам ўзгартирилади. Маблағлар ҳудуд, туман ва маҳаллалар кесимида камбағал оилалар сонидан келиб чиқиб, мос равишда Агентлик ва ҳокимликлар томонидан тақсимланади. Бунда маблағлар, биринчи навбатда, оилани камбағалликдан чиқаришга йўналтирилади.

Камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар ижроси бўйича 3 босқичда – маҳалла ва туман, вилоят ҳамда республика даражасида мониторинг ташкил қилинади. Бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+