Камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади
“Маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда банклар кучайтирилган иш режимига ўтади. Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилади.

Хоразмда ўрганилган камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги қайд этилди.
Бироқ масъулларда ушбу ёшлар билан алоҳида шуғулланиш ва уларни ҳозирдан касб-ҳунарга жалб етиш бўйича махсус дастур мавжуд эмас.
Вилоятнинг ҳар бир туманида камида 1-2 тадан техникум ва 4-5 тадан ўқув маркази фаолият юритаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаб, техникум ва ўқув марказларида камбағал оилалар фарзандлари учун қўшимча тўгараклар ташкил етиш вазифаси белгиланди.
Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл бола парвариши билан банд. Бундай оилалар фарзандларининг боғча қамрови 75 фоизга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди.
646 нафар коллеж ўқувчиси ҳамда олийгоҳ талабасининг ҳудуддаги янги лойиҳалардан келиб чиқиб, дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имконияти бор.
Шунингдек, камбағал оилалардаги пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган 526 нафар инсонга ижтимоий ёрдамни кучайтириш орқали парвариш билан банд оила аъзоларига даромадли меҳнат билан шуғулланиш учун имконият яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Хоразм мисолидаги таҳлиллар барча вилоятларга тааллуқли экани қайд этилиб, камбағаллик билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Мазкур тизимга мувофиқ, “маҳалла еттилиги” учун масъул раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда банклар кучайтирилган иш режимига ўтади.
Ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилади.
Банклар ва бандликка кўмаклашиш идоралари ушбу штабларга жойлардаги масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бутун иқтисодий комплекс билан ҳафтада уч кун фақат камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади.
