Жиззахда бир кунда маблағ ажратиш бўйича бешта ҳужжат эълон қилинди
Маблағлар вилоят ҳокимлиги котибияти ва ахборот хизматини техник жиҳозлаш, "Ёшлар куни" байрами харажатлари, ҳарбий хизматга кузатишдаги тантанали тадбир учун сарфланади.
12 август куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг турли харажатлар учун маблағ ажратиш бўйича бешта қарори эълон қилинди.
Жумладан, вилоят маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ ва даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳамда вилоят маҳаллий буджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан "Ёшлар куни" байрами муносабати билан мустақиллик майдонига саҳна ўрнатиш, майдонни байрамона безатиш ҳамда бошқа харажатлар учун 666 млн 265 минг сўм маблағни вилоят ҳокимлигига ажратилади.
Вилоят ҳокимлиги туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти учун компьютер, оргтехника, офис жиҳозлари ва бошқа зарур
анжомлар харид қилиш учун 136 440,0 (бир юз ўттиз олти миллион тўрт юз қирқ) минг сўм берилади.
Бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисмидан "Кексалар маслаҳати" гуруҳ раҳбарларини рағбатлантириш учун 234,5 млн, вилоятда ҳарбий хизматга кузатилган ёшлар учун байрам тушлиги ва совғалар сабаб юзага келган қарздорлик сабаб 302 млн. сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Вилоят маҳаллий бюджетининг эркин қолдиқ ва даромадлари режасининг ошириб бажарилган қисми ҳамда вилоят маҳаллий буджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан ҳокимлик ахборот хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 251 млн сўм маблағ сарфланиши кутилмоқда.