platina.uz

Шавкат Мирзиёевга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони топширилди

Нишон "минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлар учун" тақдим этилади. 

Сиёсат
9 август, 15:20
Шавкат Мирзиёевга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони топширилди

Навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари Марказий Осиё етакчиларига миннатдорлик билдириб, ушбу юксак мукофот мамлакатларимизнинг минтақавий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги умумий ютуқларининг эътирофи эканини таъкидлади.

- Сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугун Марказий Осиё қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланмоқда, - деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.

Мувофиқлаштирилган фаолият натижасида товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми бир неча баробар кўпайди, кенг кўламли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда, чегараолди савдо ҳудудлари, қўшилган қиймат занжирлари, замонавий транспорт ва энергетика инфратузилмаси барпо этилмоқда.

Бирдамлик ва минтақавий ўзига хослик туйғуси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришларни минтақа мамлакатлари фуқаролари ўз кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.

Халқаро субъектликнинг мустаҳкамланиши ва минтақанинг юқори жозибадорлиги туфайли Марказий Осиё иқтисодий фаоллик марказига, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи транспорт-коммуникация кўпригига айланаётгани қайд этилди.

Мирзиёев муҳим ташаббус ва қарорларнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида минтақа мамлакатларининг яқинлашув жараёни барқарор, изчил ва ортга қайтмас тус олганини алоҳида таъкидлади.

Якунда Шавкат Мирзиёев етакчиларга юксак мукофот учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, Марказий Осиёни тинч ва фаровон ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолишини таъкидлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+