Нигер ҳукумати ҳам Украина билан дипломатик алоқаларни узди
Бунга расмий Киевнинг "террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаётгани" сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Нигерда ҳокимиятни қўлга киритган ҳарбий ҳукумат Украина билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди.
Нигер ҳукумати бунга Киевнинг "террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганини" сабаб қилиб кўрсатмоқда. Қарор дарҳол кучга киради, деб хабар беради AFP.
Нигер ҳарбий хунтаси бу қарорни июль ойининг охиридаги Малидаги воқеалардан сўнг қабул қилди, ушбу давлат ҳам Россия билан иттифоққа кирган ҳарбий режим томонидан бошқарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июлидан Нигерда ҳарбий тўнтариш юз берганди, президент Муҳаммад Базум ҳокимиятдан четлатилганди.
Икки кун олдин Мали ҳам Украина билан алоқаларини узганди. Украина томони қўзғолончи туарег қабилаларига разведка маълумотини узатишда айбланди. Туарегларнинг ҳужуми сабаб Мали кўплаб аскарлар йўқотди, жумладан ёлланма "Вагнер" ҳарбий ширкати жангчилари ҳам қурбонлар берган.
Нигер ҳукуматининг БМТдаги сўзловчиси Амаду Абдураҳмоннинг Украина томонидан "тажовуз" ҳақида гапирганидан сўнг, БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини ўтказишни талаб қилмоқда.