"Milliy Cola", "Coca-Cola" ва "Pepsi" лаборатория текширувидан ўтказилди

Ушбу уч ичимликнинг кимёвий таркиби ва истеъмолга яроқлилиги масаласи бўйича хулоса тақдим этилди. 

Жамият
7 август, 11:40
"Milliy Cola", "Coca-Cola" ва "Pepsi" лаборатория текширувидан ўтказилди

Ўзбекистонда машҳур газланган ичимликлар сифати назоратдан ўтказилди. 

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Milliy Cola", "Coca-Cola", "Pepsi" газланган ичимликларнинг сифатини текширган. 

Дастлаб, савдо шохобчаларида ушбу ичимликларнинг ёрлиқларидаги маълумотлар текширилган. Текширувларга кўра, ичимлик қадоқларида ишлаб чиқарувчи, амал қилиш муддати, таркиби ва бошқа маълумотлар давлат тилида ва тўлиқ ёзилгани аниқланди. 

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Зайниддин Жумаев эса ушбу уч маҳсулотнинг тамғаланиши бўйича текширув маълумотларини тақдим этди. Унга кўра, ҳар бир маҳсулотда керакли маълумотлар ёзилган, сертификатлаштирилган, амалдаги техник стандартлар асосида тўғри тамғаланган. 

Шунингдек, "Milliy Cola", "Coca-Cola", "Pepsi" газланган ичимликлари Санэпидқўмита ва "Техностандарт нео" лабораторияларида текширилди. 

Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси лабораториясида ўтказилган текширувларга кўра, уч маҳсулотда симоб, кабмий, қўрғошин кўрсаткичлари меъёр даражасида дея топилди. 

"Техностандарт нео" лабораториясида эса маҳсулолатларнинг қуруқ масса улуши, спирт ва газ кўрсаткичлари текширилган. Масалан, уч маҳсулотда спирт кўрсаткичи  0,00 фоиз экани аниқланди. Газланганлик кўрсаткичи "Coca-Cola"да 0,43 фоиз, "Pepsi"да эса 0,41 фоизни ташкил этди. "Миллий кола"да бу 0,42ни  ташкил қилган. 

Натижага кўра, ҳар уччала маҳсулот кўрсаткичлари амалдаги меъёрларга тўғри келиши аниқланди ва истеъмолга яроқли дея топилди. 

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+