АҚШда Ер юзидаги энг иссиқ ой қайд этилди
Ўлим водийсида ҳатто кечалари ҳам ҳарорат 35 даражадан пастга тушмаган.
"Ердаги дўзах" дея аталадиган Ўлим водийси(АҚШ)да тарихдаги энг иссиқ ой қайд этилди.
2024 йил июль ойида у ерда ўртача кунлик ҳарорат Цельсий бўйича 42,5 даражага кўтарилди. АҚШ Миллий боғлар хизмати маълумотларига кўра, аввалги рекорд 2018 йилда ўрнатилган.
Ўтган ойда Ўлим водийсида ўртача энг юқори ҳарорат 49,4 даража бўлган, тўққиз кун 51,7 даража ёки ундан юқори, етти кун эса 48,8 даражадан паст бўлган.
Энг юқори ҳарорат 7 июлда қайд этилган - 54 даража Цельсий. Бироқ, ўтган ойда ўртача минимал ҳарорат 35,1 даражани ташкил этди, яъни ҳатто кечаси ҳам Ўлим водийсида иссиқ эди.
"Биз Ер юзидаги энг иссиқ жойда қайд этилган энг иссиқ ойни бошдан кечирдик. Энг иссиқ 10 йилнинг олтитаси сўнгги 10 йилда содир бўлди", — деди парк менежери Майк Рейнолдс.
Аввалроқ Ерда қайд этилган энг иссиқ кун 2024 йил 22 июл сифатида тан олинганди, шу куни сайёра юзасида глобал ҳаво ҳарорати плюс 17,15 даражага етгани маълум бўлган эди.
Бу Коперник иқлим ўзгариши хизмати маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 6 июлида Ердаги ўртача ҳарорат 17,09 даражага кўтарилган натижадан ошиб кетди, деб ёзади IFL Science.