Тошкентда пиёдалар ўтиш жойлари қуриш учун бошланишига 53 млрд. сўм ажратилади
Себзор сув иншоотида бассейн суви ва сузиш ҳавзаларини иссиқ сув билан таъминлаш учун эса 600 млн. сўм берилади.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг маблағ ажратиш бўйича қарори эълон қилинди.
Унга кўра, пойтахт бюджетининг 2024 йил давомида шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан 20 та пиёдалар ер усти ўтиш жойларига дастлабки ишларни бошлаш учун 53 млрд. 629 млн. сўм ажратилади. Қарорда айтилишича, жами 25 та ўтиш жойи қурилиши белгиланган бўлиб, унга 107 млрд. сўмдан ошиқ пул кетиши режалаштирилган.
Шунингдек, Себзор сув ҳавзасида бассейн суви ва сузиш ҳавзаларини иссиқ сув билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ушбу базада муқобил қозонхона қуриш учун 600 миллион сўм маблағ берилади.
Тошкент шаҳар ҳокими кўрсатилган харажатлар учун маҳаллий бюджетдан пул ажратиш бўйича қарорлар чиқаради.
Аввалроқ Хоразмда маҳаллий бюджетдан 13 млрд. сўм ажратилиши маълум бўлганди.