Туғилган кунингиз билан, жаноб президент!

Шавкат Мирзиёев бугун 67 ёшини қарши олди. 8 йиллик давлат бошқарувида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди.

Сиёсат
24 июль, 9:02
Туғилган кунингиз билан, жаноб президент!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 июл куни 67 ёшини қарши олмоқда. Унинг 8 йиллик президентлик даврида мамлакатда салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди, дейиш мумкин.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилда давлат раҳбарлигини ўз қўлига олгач, юртда кескин ўзгаришлар кузатилди. Албатта, буни ҳозир кўпчилик эсламайди, зеро, яхшилик кўпинча унут бўлади. Ёмонлик эса хотирда кучли сақланади, ками ҳам кўпдек кўринади. Аммо биз бу ютуқларни айтмасак, инсофсизлик қиламиз.

2016 йилгача ойлик маошлар пластик карталарга тушириб берилган, нақд пул йўқ ҳисоби эди. Одамлар картасига нарса сотиб олмоқчи бўлса, банкомату терминаллар йўқ эди. Нақд пул қилиш эса анча қимматга тушар, катта фоизларда нақдлаштирилган. Мирзиёев шарофати билан бу муаммога чек қўйилди, ҳар қадамга банкоматлар, ҳар дўконга терминаллар жойлаштирилди.

Шунингдек, кекса отахону онахонлар ўз пенсияларини олиш учун кўп сарсонлик кўрган. Аввал марказга бориб, нақд пул олиш учун узун навбатларга турган бўлса, пулни нақдлаштиришда маълум чеклов ҳам бор эди. Ҳозир эса пенсиялар карталарга ой бошидаёқ тушади, агар хоҳласалар, нақд кўринишда уйларигача олиб бориб беришади.

Валюта ислоҳоти иқтисодий ютуқ сифатида ҳар қанча эсланса арзийди. Ахир унгача халқ "қора бозор"да сарғайиб, кимга ишонишни билмай, долларларини не қиларини билмай юрганди. Ҳозир исталган банкдан исталганча айирбошлаш мумкин. Муҳими, ишончли.

Ён атрофимиздаги чегаралар орқали қанчадан-қанча ватандошларимиз йиллаб сарсон бўлган, қариндошларини, яқинларини кўролмаган, зиёрат қилолмаган. Чегаралар очилгач, азалий дўстлик алоқалари қайта тикланди.

Республика ичидаги блокпостларнинг ўзи эркинликка тушов эди. Бир мамлакат ичида туриб худди бошқа мамлакатга ўтаётгандек ҳис қилган одамлар. Президент амри билан барча постлар олиб ташланди.

Нечалаб ватандошларимиз паспорт ололмай, фуқаролиги ноаён бўлиб турган пайтда ҳаммаларига паспортлар, айди-карталар берилди. Бу эзгу ишлар ҳамон давом этмоқда.

Ҳозирги таҳликали ва эртаси ноаён дунёда Ватан тинчлигини сақлаш, мустақиллигини асраш, халқ фаровонлигини таъминлаш осон кечмаяпти. Янгича дунёқараш, замонавий фикрлаш ва барча давлатлар билан бирдек илиқ муносабат ўрнатиш бугунги кун учун олий мақсадга айланди.

Бундай ислоҳотлар ҳозир ҳам бор, энди улар янгича кўринишда, замонавий услубда эл корига яраяпти. Инвесторларнинг кириб келиши янги иш ўринларини яратса, спортдаги муваффақиятлар юрт довруғини янада кўкларга кўтаряпти.

Албатта, ютуқ ва меҳнат бор жойда камчилик бўлади. Бусиз иложи йўқ. Аммо ютуқларни унутиб, фақат иллат изласак, ношукрликка йўл қўямиз. Ишончимиз шундаки, бу камчиликлар ҳам юқоридагиларга ўхшаб тарихга айланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+