"Ижтимоий карта" ахборот тизими жорий этилади
2025 йил октябрдан ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя бўйича янги тизим ишга тушади. "Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" Президент Қарори қабул қилинди.
Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид барча чораларни рақамли технологиялар асосида тақдим этишга ўтишнинг асосий йўналишлари сифатида "Ижтимоий карта" ахборот тизими жорий этилади.
Қарорга кўра 2024 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий картаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш белгиланган.
Эндиликда, "Ижтимоий карта" орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини, шунингдек, аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ижтимоий хусусиятга эга бошқа барча чораларни босқичма-босқич тўлиқ автоматлаштирилиши кўзда турилган.
"Ижтимоий карта" тизими орқали давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини манзилли, қисқа муддатларда, масофадан туриб ҳамда проактив тарзда олиш имконияти пайдо бўлади.
Ижтимоий суғурталашни жорий қилиш доирасида рақамли сервисларни ривожлантириш орқали давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик қилишни соддалаштирилади.
Эндиликда "Ижтимоий карта" АТ тизими орқали қуйидаги қўллаб-қувватлаш имкониятлари тақдим этилиши белгиланган:
-2024 йил 1 декабрдан янгидан тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар;
-2025 йил 1 апрелдан босқичма-босқич шахснинг ногиронлигини, талаба, ўқувчи, уруш қатнашчиси ёки уруш қатнашчисига тенглаштирилган шахс ҳолатини тасдиқлаш.
Бунда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома ва гувоҳномалар, талабалик гувоҳномалари, ўқувчилар гувоҳномалари, уруш қатнашчилари ёки уларга тенглаштирилган шахслар гувоҳномаларининг қоғоз шакли ижтимоий картага алмаштириш орқали бекор қилинади;
Ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун умумий фойдаланишдаги автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти, йўналишсиз такси хизматларидан фойдаланиш бўйича имтиёзлар, шунингдек ушбу хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бошқа тоифалари учун имтиёзлар;
Давлат ижтимоий объектларига, концерт-томоша тадбирлари ва бошқа тадбирларга бепул ташриф буюриш ёки қисман ҳақ тўлаш бўйича имтиёзлар;
2025 йил 1 июлдан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилганларга белгиланган товарлар (хизматлар)ни харид қилишда тўланган ҚҚС суммасини 1 иш кунида қайтариш;
2025 йил 1 октябрдан Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ фуқароларга буджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам, субсидиялар, грантлар, имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар ҳамда моддий хусусиятга эга бошқа тўловлар тақдим этилиши;
2026 йил 1 январдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш.
2025 йил 1 октябрдан пенсия олувчиларга ўз хоҳишига кўра ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлиги бўйича пенсияларни ижтимоий карта орқали олиш ҳуқуқи берилади.