Янги Ижтимоий реестр жорий этилади
Реестрдан жой олган оилаларга аъзоларнинг бандлик ҳолатидан қатъи назар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам узлуксиз тўлаб борилади.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжат қабул қилинди.
Президентининг «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февральдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва «Камбағал оилалар реестри» негизида янги Ижтимоий реестр жорий этилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб қуйидаги тоифаларга ажратилади:
— давлат таъминотидаги оила - меҳнатга лаёқатсиз ёки меҳнат қилиш имконияти чекланган, ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
— камбағал оила - меҳнатга лаёқатли ёки меҳнат қилиш имкониятига эга бўлган, бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларидан кам бўлган оилалар;
— камбағаллик чегарасидаги оила - бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг бир бараваридан бир ярим бараваригача бўлган оилалар.
Янги Ижтимоий реестр давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамни манзилли, адолатли ва эҳтиёжга мос тарзда ташкил этишга хизмат қилади.
Қабул қилинган Фармонга мувофиқ, «Маҳалла еттилиги» га оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган айрим оилаларни тавсия асосида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритиш ҳуқуқи берилди.
Мазкур тоифага қуйидаги оилалар киритилиши мумкин:
— I ва/ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки болаликдан ногиронлиги бўлган шахс мавжуд оилалар;
— боқувчисини йўқотган ёки боласини ёлғиз тарбиялаётган оилалар;
— ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар;
— оила аъзоси муддатли ҳарбий хизматда ёки жазони ижро этиш муассасасида бўлган оилалар;
— оила аъзоси психиатрия, наркология, сил касалликлари диспансерларида ҳисобда турган, онкология марказларида рўйхатда бўлган ёки гематология, иммунология, жигар ва буйрак етишмовчилиги каби оғир касалликларга чалинган аъзоси мавжуд оилалар;
— ёнғин, бахтсиз ҳодиса, табиий ёки техноген фавқулодда вазиятлардан жабрланган оилалар.
Мазкур механизм оғир вазиятга тушиб қолган оилаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга давлат томонидан тезкор ҳамда манзилли ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун янги қўллаб-қувватлаш тартиблари жорий этилади.
Қабул қилинган Фармонга мувофиқ, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари янги тартибда амалга оширилади.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам:
• давлат таъминотидаги оилаларга — оила аъзоларининг бандлик ҳолатидан қатъи назар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам узлуксиз тўлаб борилади;
• камбағаллик чегарасидаги оилаларга — болалар нафақаси ёки моддий ёрдам 6 ой давомида оила даромадига қараб тўланади:
- даромад минимал истеъмол харажатларининг 1–1,25 баравари бўлса — 75 фоиз,
- 1,25–1,5 баравари бўлса — 50 фоиз миқдорда.
Аввал ушбу тоифадаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўланмаган эди.
Давлат таъминотидаги оилалар учун қўшимча чоралар:
• доимий даромад манбаини яратиш мақсадида хонадонларга қуёш панельларини ўрнатиш учун Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида субсидия ажратилади;
• меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш учун ижтимоий карта орқали 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йилгача, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари миқдорида кредит ажратилади. Кредит фоизлари “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури” доирасида давлат томонидан қопланади.
Шунингдек, давлат таъминотидаги оила ёки камбағал оила тоифасидан камбағаллик чегарасидаги оила тоифасига ўтган оилалар учун аввалги тоифа бўйича назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари яна 12 ой давомида сақлаб қолинади.
Мазкур ўзгаришлар ижтимоий ёрдамни босқичма-босқич, адолатли ва барқарор даромадга йўналтирилган тарзда ташкил этишга хизмат қилади.