Камала Харрис АҚШ президентлигига номзодини қўйишини айтди
Байден иккинчи муддат учун курашмаслигини маълум қилиб, Харриснинг номзодини қўллаб чиққанди.
АҚШнинг амалдаги вице-президенти Камала Харрис президентликка номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди.
Америка ОАВлари унинг сўзларидан иқтибос келтирди: "Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман".
Харрис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун "Демократик партия" ва халқни бирлаштириш учун "ҳамма нарсани қилишини" қўшимча қилди.
Оқ уйнинг собиқ раҳбари Трамп, ўз навбатида, аввалроқ CNN телеканалига "Харрисни мағлуб этиш осонроқ бўлади", деб айтди ва Байденни тарихдаги энг ёмон президент деб атади.
АҚШ президенти Жо Байден 21июл куни президентлик сайловларидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. У бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини таъкидлади. Байден тез орада халққа мурожаат қилиб, тафсилотларни айтиб беришга ваъда берди. Унинг қўшимча қилишича, у амалдаги муддатининг қолган қисмида асосий эътиборини президентлик вазифаларини бажаришга қаратади.
Байден ўзининг ўрнига Камала Харрисни таклиф қилиб, уни "тўлиқ қўллаб-қувватлашини" билдирди. "Демократлар - бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик!" - деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Энди Харриснинг номзоди Демократик партия йиғилишида расман тасдиқланиши лозим.