Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида қўшимча квота ажратилади
Давлат комиссияси бир ҳафта муддат ичида таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўтиш балини тасдиқлайди.
Темурбеклар мактаби битирувчилари учун алоҳида қўшимча квота ажратилади, улар энди бошқаларга халақит бермайди.
Буни ўзида акс эттирган президент фармойиши эълон қилинди.
"2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида"ги фармойишга кўра, олий таълим муассасаларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар 2024/2025 ўқув йилида танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида қўшимча квота билан талабаликка тавсия этилади.
Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси бир ҳафта муддатда 2024/2025 ўқув йили учун:
а) бакалавриат таълим йўналишига қабул бўйича:
олий таълим муассасалари, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрларини;
имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини;
тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш балини;
ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари буюртмаларига мувофиқ, умумий давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталарини ва ушбу квоталарнинг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улушини таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) кесимида;
б) магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда олий таълим муассасалари ва тиллар кесимида тасдиқлайди.