platina.uz

Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг Халқаро биология олимпиадасидаги натижалари бекор қилинди

7-14 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган олимпиадада ўзбекистонлик педагог ўқувчисига ёрдам беришга ҳаракат қилган. Натижада ташкилий қўмита ўзбекистонлик ўқувчиларнинг натижаларини инобатга олмаслик бўйича қарор қабул қилган.

Жамият
20 июль, 14:00
Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг Халқаро биология олимпиадасидаги натижалари бекор қилинди

Жорий йилнинг 7-14 июль кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad – IBO) бўлиб ўтди. Мазкур олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 4 нафар ўқувчи иштирок этди. Олимпиадада, шунингдек, ўқувчилар билан бирга 3 нафар жамоа раҳбари ва ўз ҳисобидан 2 нафар кузатувчи-ўқитувчи қатнашди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собированинг хабар беришича, Жиззах давлат педагогика университети қошидаги академик лицей педагоги томонидан ўқувчисига ёрдам беришга ҳаракат қилинган. Мазкур ҳолат бўйича ташкилий қўмита томонидан ўқувчиларнинг натижаларини инобатга олмаслик қарори қабул қилинди.

Қўшимча қилинишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўзбекистонлик ўқувчиларнинг нуфузли халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш мақсадида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Халқаро биология олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчиларнинг натижаси бекор қилиниши биринчи марта эмас. Ўзбекистон делегацияси томонидан 2010 йил Жанубий Кореяда ўтказилган Халқаро биология олимпиадасида ҳам худди шундай ҳолат кузатилиб, ўшанда ҳам ўқувчиларнинг натижалари бекор қилиб юборилганди.

Бундан ташқари, IBO сайтидаги маълумотларга кўра, бу ҳолатлардан сўнг Ўзбекистоннинг Халқаро биология олимпиадасидаги иштироки хавф остида қолаётган бўлиши мумкин. Сабаби Ўзбекистон IBO’га аъзо мамлакатлар рўйхатида чиқмаяпти.

Маълумот учун, Президент қарорига кўра, халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланган:

1-ўрин (олтин медал) учун — 500 (ҳозирда – 170 млн сўм), ўқитувчисига — 450 баравари (ҳозирда – 153 млн сўм;

2-ўрин (кумуш медал) учун — 300 (ҳозирда – 102 млн сўм), ўқитувчисига — 250 баравари (ҳозирда – 85 млн сўм);

3-ўрин (бронза медал) учун — 200 (ҳозирда – 68 млн сўм), ўқитувчисига — 150 баравари (ҳозирда – 51 млн сўм);

Шунингдек, Халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг устозларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча имкониятлар ҳамда имтиёзлар жорий қилинган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+