Бангладешда талабалар оммавий норозиликлар уюштирмоқда: 17 киши ҳалок бўлди
Айрим манбаларда қурбонлар сони икки баробар кўплиги ёзилган. Намойишчилар давлат телевидениесига ўт қўйган.
Банглашдешда талабалар намойиши сабаб 17 киши (айрим манбаларда 32) ҳалок бўлди. Улар ичида Dhaka Times нашри журналисти ҳам бор.
Ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб юқори таҳдид режимини жорий қилди.
Интернет деярли ҳамма жойда узилиб қолган, айрим ҳудудларда телефон линиялари ишламаяпти. Пойтахт Даккада намойишчилар ва полиция ўртасидаги шиддатли тўқнашувларда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди.
Мустақил манбаларга кўра, намойишлар бошланганидан бери жами 32 киши ҳалок бўлган.
Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина талабаларни хотиржамликка чақирди, бироқ пайшанба куни вазият янада ёмонлашди.
Даккада БТВ давлат телерадиокомпанияси биноси ёниб кетди. Расмийларнинг айтишича, ўт қўйиш намойишчилар томонидан бошланган.
Бангладеш ахборот вазирининг айтишича, эшиттиришлар тўхтатилган ва кўпчилик ходимлар бинони тарк этган.
Талабалар давлат секторидаги иш жойларининг учдан бир қисмини Покистондан 1971 йилдаги мустақиллик уруши фахрийларининг қариндошлари учун ажратадиган тизимни ўзгартиришни талаб қилиб кўчаларга чиққан.
Талабалар ҳозирги амалиётни камситиш деб аташади ва ишга қабул қилиш ҳар бир номзоднинг малакасига асосланишини талаб қилишади.
Ҳиндистонда Бангладешлик талабалар билан бирдамлик учун юзлаб одамлар кўчаларга чиқди. Бутун Ҳиндистон Демократик Талабалар Ташкилоти Калкуттада оммавий юришлар уюштирди.