Ўшда кучли сел оқибатида фавқулодда ҳолат жорий этилди
Сел шаҳардаги инфратузилмага жиддий зарар етказган.
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида кучли сел оқибатида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда "Кабар" ахборот агентлиги хабар берди.
Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, ушбу режим шаҳар ҳокими томонидан содир бўлган сел оқибатларини бартараф этиш ва бошқа тезкор чораларни кўриш мақсадида жорий этилган. Шаҳар бозорини ҳам сел босгани тасвирлари тарқалди.
Ўш шаҳрида сел бир аёл ва унинг уч қизини олиб кетгани ҳақида хабар берилган.
Шунингдек, Андижонда Қирғизистондан оқиб келган жасад топилган.
Июнь ойининг охирида ҳам Ўш вилоятининг Ноокат туманида содир бўлган вайронкор сел аҳоли ва сайёҳлар орасида қурбон бўлишига олиб келганди. Ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам бўлган.
Эслатиб ўтамиз, кучли сел сабаб Андижонда кўприк бузилиб кетганди.