Тошкент вилоятида Украина ва Озарбайжон фуқаролари қўлга олинди
Улар Юқори Чирчиқ туманидаги хонадонда нарколаборатория ташкил этиб, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланишган.
Украина ва Озарбайжон фуқаролари Тошкент вилоятида нарколаборатория ташкил этишгани аниқланди.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ДХХ ходимлари томонидан божхона ҳамда ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, 1998 й.т. Украина фуқароси ва 2001 й.т. Озарбайжон фуқароси вақтинча истиқомат қилаётган Юқори Чирчиқ туманидаги хонадонда 411 гр. “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситаси, 7 кг.га яқин ярим тайёр наркотик моддалар ҳамда 237 кг. прекурсорлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, улар ушбу манзилда яширин нарколаборатория ташкил этиб, хориждан келтирилган хом-ашёлар ёрдамида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланишган.
Сергели туманида қайд этилган ҳолатда, қўшни республикадан халқаро йўловчи ташувчи автобус орқали юборилган 4 кг. 799 гр. “Альфа-ПВП” синтетик наркотикни қабул қилиб олган 1985 й.т. шахс қўлга олинди. Аниқланишича, у “Телеграм” мессенжерида фаолият юритувчи наркодўкон учун омбор вазифасини бажариб келган.
Бошқа ҳолатда эса, Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, 1999 й.т. туғилган шахс ўзининг яшаш хонадони яқинида жойлашган электр трансформатори остига 584 гр. “гашиш” моддасини яшириб қўйганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур фуқаро “Телеграм” мессенжерида наркодўкон ташкил қилиб, хориждан олиб келинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.