Таниқли хонанда Жастин Тимберлейк қамоққа олинди
Полиция уни маст ҳолатда машина бошқаргани учун ҳибсга олган.
Ню-Йорк штати полицияси таниқли америкалик қўшиқчи ва актёр Жастин Тимберлейкни маст ҳолда машина ҳайдагани учун ҳибсга олди. Тез орада унга расман айблов эълон қилинади.
У бой Ню-йоркликлар учун ёзги дам олиш маскани сифатида танилган Лонг-Айленддаги Саг Ҳарбор шаҳрида ҳибсга олинган.
Америка полицияси ҳозирча Тимберлейк қандай шароитда ҳибсга олингани ҳақида маълумот бермади.
43 ёшли Тимберлейк ўзининг олтинчи альбоми Everything I Thought It Was чиққандан сўнг тез орада дунё гастролларини бошлаши кутилаётганди.
Тимберлейк дунёдаги энг машҳур мусиқа санъаткорларидан биридир. У 2002 йилда ўзининг Justified номли биринчи яккахон альбомини чиқарди, у 8 миллион нусхадан ортиқ сотилган.
Ўтган йили ўз интервьюсида Тимберлейк фаолиятида спиртли ичимликларга қарам бўлиб қолган пайтларини эсга олган. У ўз ҳаётини ўзгартириш, спиртли ичимликларга қарамликдан халос бўлишни ва умуман соғлиғига ғамхўрлик қилишни мақсад қилганини айтган.