platina.uz

Йиғилишларда узрли сабабларсиз қатнашмаган депутатлар ваколати тугатилади

Шунингдек, чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки  доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олганлар депутатликдан ўчирилиши таклиф қилинмоқда. 

Сиёсат
13 июнь, 11:40
Йиғилишларда узрли сабабларсиз қатнашмаган депутатлар ваколати тугатилади

Ўзбекистонда депутатлар учун қоидалар кучайтирилмоқда. Жумладан, йиғилишлар узрли сабабсиз иштирок этмаган депутатлар маошидан ушлаб қолинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари қонунчилик ташаббуси асосида депутатларнинг мақоми тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини киритдилар.

Қонун лойиҳасида депутатларнинг ҳақ тўланадиган тегишли турдаги фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олганидан кейин ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Бундан ташқари депутатнинг тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календарь йил давомида ўттиз ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, шунингдек чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олган тақдирда ҳам уларнинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Бу қоидалар Сенатда доимий асосда ишлайдиган сенаторларга ҳам тегишлидир.

Қонун лойиҳасида депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари бузилганлиги учун уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган таъсир чоралари ҳам янада аниқлаштирилган.

Унга кўра:

– депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидаларини бузишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган ҳолда депутатга, сенаторга огоҳлантириш бериш;

– депутатдан, сенатордан тегишинча Қонунчилик палатаси, Сенат, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узр сўрашни талаб қилиш;

– депутатнинг, сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига депутат, сенатор томонидан йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттириш;

– депутат, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида халқ вакилларининг тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, шунингдек ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат бўйича бир кунлик иш ҳақи унинг розилигисиз ушлаб қолиниши ҳам кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси ялпи мажлисда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳақида номақбул чиқиш қилган хорижликларга тақиқ қўйилиши бўйича лойиҳа кўриб чиқилганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+