platina.uz

ДХХ Жиззах вилояти прокуратураси мансабдорини ушлади

Бундан ташқари Тошкентнинг Яккасарой туманида терговчи, Наманганда эса адвокат ҳам пора олаётганда қўлга тушган. 

Жамият
12 июнь, 9:41
ДХХ Жиззах вилояти прокуратураси мансабдорини ушлади
Видеодан кадр.

ДХХ томонидан тезкор тадбирларда прокурор, терговчи, суриштирувчи, адвокат ва бошқалар қўлга олинди.

Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим прокурори Жиззах шаҳрида яшовчи, 1975 й.т. фуқарони муқаддам Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан судланганлик ҳолатини ўзининг ваколатли ҳамкасби орқали олиб ташлашни ваъда қилиб, эвазига 1000 АҚШ доллари ва 1 дона “Samsung Galaxy S24 Ultra” русумли телефон аппаратини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси ва 2 нафар суриштирувчиси ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, бўлим иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда унинг ҳаракатларини ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмидан 276-моддасининг 2-қисми “а” бандига қайта малакалаш эвазига, айбланувчининг таниши Қ.О. орқали 7 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1967 ва 1970 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар шахс 1980 й.т. фуқаронинг ишончига кириб, унга нисбатан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувидаги ЖКнинг 168-моддаси билан қўзғатилган жиноят ишини прокуратура органларидаги танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгарлардан бири, яъни, 1970 й.т. шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда уларни прокуратура тизимидаги танишларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Наманган шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати вилоят ИИБ томонидан ЖКнинг 168 ва бошқа моддалари билан қўзғатилиб, ҳозирда ЖИБ Наманган шаҳар судида кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишига ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 8 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Таъкидлаш лозимки, адвокат муқаддам ЖКнинг 25,97-моддаси билан судланган шахс ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+