"Замҳоким" ва прокурор ўринбосари пора билан ушланди
ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда Фарғонада прокурор ўринбосари, Наманганда эса "замҳоким" қўлга олинган.
ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда "замҳоким" ва прокурор ўринбосари қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўштепа тумани прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбаридан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, у туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, айблов хулосаси туман судига юборилган мактабгача таълим ташкилоти раҳбарига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаслигига ҳамда ЖКнинг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилмаслигига ёрдам бериши эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилган ва муқаддам 1000 АҚШ доллари олган.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, жорий йилнинг апрель ойида ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг давлат захирасига олинган 10 гектар ер майдонини ф/х ихтиёрига қайтариб бериш ҳамда хўжаликнинг бажарилмаган ғалла экиш режасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда агрофирма раҳбари сўралган пул маблағидан 1000 АҚШ доллари ва 5 млн. сўм олган вақтида ушланди.Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, талаб қилинган пул маблағидан 100 АҚШ долларини олиб, қолган қисмини ўзида сақлаб туриши ҳақида агрофирма раҳбарига топшириқ берган вақтида Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари ашёвий далиллар билан ушланди. Таъкидлаш лозимки, агрофирма раҳбари фермернинг ушбу масаласини ҳал қилиб бериш бўйича аввалроқ 3 млн. сўм олган.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан, савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг трансформаторини электр тармоғига улаб, тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига хизмат хонасида 40 млн. сўм миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Шунингдек, Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ҳам процессуал тартибда ушланди.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт туман филиали бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тумандаги 20 сотих ер майдонида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига, ўзининг хизмат хонасида 25 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.