platina.uz

Президент Ўзбекистон ЖСТга тез фурсатда аъзо бўлиши муҳимлигини айтди

Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти бош директори доктор Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилди. 

Сиёсат
5 июнь, 18:48
Президент Ўзбекистон ЖСТга тез фурсатда аъзо бўлиши муҳимлигини айтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори доктор Нгози Оконжо-Ивеалани қабул қилди.

Учрашувда мамлакатнинг ЖСТга қўшилиши борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қисқа муддат ичида Ишчи гуруҳнинг иккита йиғилиши ўтказилгани, аъзо мамлакатлар билан фаол музокаралар олиб борилаётгани, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш шартлари муҳокама қилина бошлангани ва миллий қонунчиликни ташкилотнинг меъёр ва қоидаларига мувофиқлаштириш ишлари давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Шунингдек, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, электрон савдо ва рақамли хизматлар экспортини ошириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро савдони тартибга солиш масалалари бўйича ўзбекистонлик экспертларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, ЖСТнинг кўмаги билан Ўзбекистонда Савдо сиёсати бўйича компетенция марказини ташкил этиш таклиф этилди.

Давлат раҳбари ЖСТ бош директорига давра суҳбатида иштирок этгани ва Ўзбекистоннинг етакчи университетлари талабалари билан учрашгани учун миннатдорлик билдириб, унга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилгани билан табриклади.

Учрашув якунида Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев айрим компанияларнинг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича фармонни имзолаганди. Президентнинг бу фармони ЖСТга аъзо бўлиш йўлида муҳим қадам экани айтилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+