Исроил урушни 42 кунга тўхтатишга тайёрлигини эълон қилди
Нетаняҳунинг айтишича, гаровдагилар озод этилгач, жанглар давом этади.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гаровга олинганларни озод қилиш учун Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни 42 кунга тўхтатишга тайёрлигини айтди. Унинг аниқлик киритишича, шундан сўнг операция давом этади.
"Исроил гаровга олинганларни қайтариш учун ҳарбий ҳаракатларни 42 кунга тўхтатиши мумкин. Аммо биз урушни тўхтата олмаймиз. Эронликлар ва барча душманларимиз таслим бўлишимизни кутиб, бизга қараб турибди. Кўп ёлғон хабарлар тарқалмоқда", — деган Нетаняху Кнессет (парламент) Ташқи ишлар ва мудофаа қўмитасидаги ёпиқ йиғилишда. Унинг сўзлари Israel Hayom газетаси томонидан келтирилмоқда.
2023 йил 7 октабрдан бери Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида уруш давом этмоқда. Исроил Ғазо секторидаги уруши сабаб 36 минг фаластинлик ҳалок бўлган. Май ойида исроиллик ҳарбийлар Рафаҳ ўтиш жойининг Фаластинга қарашли қисмини назорат остига олди, Исроил армияси унга кириб бориши билан Ғазо сектори аҳолиси ҳудудни тарк этди. Шундан сўнг АҚШ президенти Жо Байден, агар қўшинлари Рафаҳга кирса, АҚШ Исроилга қурол етказиб бермаслигини айтди.
24 май куни Халқаро суд Исроилга Рафаҳдаги амалиётини тўхтатишни ва фаластинликларга қарши геноцид ҳақидаги хабарларни текшириш учун халқаро инспекторлар гуруҳини анклавга киритишни буюрди. 27 майга ўтар кечаси Исроил Рафаҳга ҳужум уюштирди ва қочқинлар лагерига зарба берди.
Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги камида 45 киши ҳалок бўлгани ва 200 дан ортиқ киши жароҳат олганини маълум қилди.
Шунингдек, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Ғазода урушни тугатиш бўйича режани эълон қилганди.