Собиқ МХХ биноси атрофидаги кўп йиллик дарахтлар ноқонуний кўчирилди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура назоратига олинган.
Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида (собиқ МХХ биноси атрофи) кўп йиллик дарахтлар ноқонуний кўчирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура баёнотида маълум қилинган.
Ижтимоий тармоқларда 2024 йилнинг 16-22 май кунлари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчаси, 1-уй манзили бўйича ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар кўчириб олиб кетилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалган.
Мазкур хабарларга асосан ўтказилган текширишда юқоридаги ҳудудда олиб борилаётган қурилиш лойиҳаси доирасида “M.M.” МЧЖ томонидан соғлом ўсиб турган жами 53 туп қимматбаҳо навли кўп йиллик дарахтлар (эман, қарағай, айлантус ва бошқалар) ноқонуний равишда кўчириб олиб кетилганлиги аниқланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 464-сон Қарори талабларига зиддир.
Мазкур ҳолат юзасидан дарахтларни ноқонуний кўчирган хўжалик юритувчи субъект масъуллари ва бунга имконият яратиб берган мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Жиноят иши Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу дарахтлар кўчирилиши юзасидан дастлаб Экология вазирлиги рухсат бергани айтилган, аммо бу тасдиқланмаганди.