platina.uz

Ҳиндистонда даҳшатли иссиқлик тўлқини: элликдан ошиқ инсон ҳалок бўлди

Қурбонлар орасида тўққиз нафар сайлов комиссияси ходими ҳам бор. Айни дамда мамлакатда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. 

Жаҳон
1 июнь, 16:01
Ҳиндистонда даҳшатли иссиқлик тўлқини: элликдан ошиқ инсон ҳалок бўлди

Ҳиндистон айни дамда даҳшатли иссиқлик тўлқинини бошдан кечирмоқда. Бир қанча шаҳарларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 45 даражадан ошиб кетди, ўнлаб одамлар жазирама оқибатида ҳалок бўлди.

29 май куни Деҳлида 52,9 даража иссиқ ҳарорат қайд этилди. Шаҳардаги қушлар ва ёввойи маймунлар иссиқдан ҳушидан кетишмоқда.

Экстремал об-ҳаво мамлакат бўйлаб аллақачон камида 50 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Аниқ рақамларни айтиш қийин: Ҳиндистон расмийлари бутун мамлакат бўйлаб иссиқликдан ўлганларнинг умумий сонини эълон қилмайди.

Айни пайтда мамлакатда қарийб бир миллиард киши қатнашадиган умумхалқ сайловлари ўтказилмоқда. Бунинг ортидан ҳосил бўлаётган навбатлар ҳам ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.

Сайлов олти ҳафта давом этади, етти босқичда бўлиб ўтади ва кўплаб сайловчилардан кун бўйи, кўпинча очиқ ҳавода навбатчилик қилишлари талаб қилинади.

Ҳиндистонда ниҳоясига етаётган парламент сайловларини ташкил этиш билан шуғулланганлар ҳам иссиқдан азият чекмоқда.

Пайшанба куни Бихар штатида жазирама туфайли 14 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради расмий манбалар, улардан 10 нафари сайловларни ташкиллаштиришда иштирок этган.

Ҳиндистоннинг энг зич жойлашган штати Уттар-Прадешда жума куни камида тўққиз нафар сайлов комиссияси ходими, жумладан қўриқчилар ҳалок бўлди, дея ёзади Reuters.

"Уларни олиб келишганда ҳароратлари юқори бўлган. Бунга иссиқлик уриши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Биз ҳозирда сайловдан олиб келинган камида 23 кишини даволаяпмиз", деди жабрланганлар олиб келинган тиббиёт муассасаси директори журналистларга.

Сайловчилар ҳам қийналмоқда: сайлов участкаларида навбатлар ҳосил бўлиб, иссиқда туришга мажбур. Сайлов комиссиялари овоз бериш учун келганларга сув таклиф қилади.

Иссиқлик уришидан жабрланганларнинг AFP`га айтишича, ҳароба давлат шифохоналари беморлар оқимига дош беришга қийналмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+