Украина Россияни немис қуроллари билан ўққа тутиши кутиляпти

Германия канцлери Россия ичидаги нишонларга қарши Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат бериш тарафдори.

Жаҳон
30 май, 14:09
Украина Россияни немис қуроллари билан ўққа тутиши кутиляпти

Германия канцлери Олаф Шолц идораси энди Украина “тажовузкор ҳудудга” зарба бера олишини айтди. Politico нашри шу ҳақда ёзмоқда.

Германия ҳукумати Украина унга совға қилинган немис қуроллари билан Россия ичкарисидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат бериши мумкинлигини таъкидлай бошлади.

Хусусан, 29 май куни Олаф Шолц Украина Германия томонидан етказиб берилган қуроллардан “халқаро ҳуқуқ доирасида” фойдаланиши мумкин, бу эса уларни Россия каби тажовузкорга қарши, жумладан, Россия ҳудудида қўллаш имконини беради, деди.

Аввалги баёнотларда бу борада иккиланишлар ва чекловлар борлиги сезилиб турарди. Айрим давлатлар бу мавзуда аниқ бир тўхтамга келишгани йўқ эди. Жумладан, 29 май куни Шолц билан гаплашган Франция президенти Эммануэл Макрон: "Биз (украиналикларга) ракеталар учирилган ҳарбий объектларни зарарсизлантиришга рухсат беришимиз керак, лекин бошқа фуқаролик ёки ҳарбий нишонларини эмас", деди. Бу эса Киев талаб қилаётган чегараларга мос келмайди.

Лекин айрим Европа давлатлари бу борада аниқ баёнот беришган. Масалан, Полша мудофаа вазири ўринбосари Цезар Томчик Полша радиосига берган интервюсида "Украинага юборилаётган Полша қуролларининг чегараси йўқ. Украиналиклар улардан ўзлари хоҳлаганча фойдаланишлари мумкин", деди.

Германия ҳукумати позицияси билан таниш бўлган шахснинг маълум қилишича, канцлер Шолц Россия ичидаги нишонларга қарши Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат бериш тарафдори.

"Менга ғалати туюладиган жиҳати шундаки," деди Шолц журналистларга, "баъзи одамлар улар (украиналиклар) ўзларини ҳимоя қилишлари кераклигини айтишадию, лекин бунга мувофиқ воситаларни қўллашлари мумкин эмаслигини таъкидлашади".

Шолц бу билан Вашингтон ҳукуматига ишора қилган бўлиши мумкин. Чунки фақат АҚШ Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига ўт очишга қарши чиқиб келмоқда.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+