platina.uz

"Агробанк" кассири ва "паспорт стол" бошлиғининг қилмишлари ошкор бўлди

Фарғонада жарима маблағларини ўзлаштириб юборган ИИБ паспорт бўлими бошлиғига оид иш кўриб чиқилди. 

Жамият
24 май, 18:10
"Агробанк" кассири ва "паспорт стол" бошлиғининг қилмишлари ошкор бўлди

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида жарима маблағларини ўзлаштириб юборган ИИБ паспорт бўлими бошлиғига жазо тайинланди. Мазкур иш бўйича суд ҳукми Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Судланувчи Д.М. 2009 йил декабрь ойидан 2015 йилнинг январь ойига қадар Қувасой шаҳар ИИБ Паспорт бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган. У мансабдор шахс бўлгани холда АТБ “Агробанк” Қувасой шаҳар филиали махсус касса кассири Ю.М. билан ўзаро тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2014-2015 йиллар давомида фуқаролик паспортини олиш ва алмаштириш муддатини ўтказиб юборган 261 нафар шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирмаган. Сўнгра улар энг кам ойлик иш хақининг бир баравари миқдоридан жами 27.966.100 сўм маъмурий жарималар ундириб, улар бўйича тўлов квитанцияларини йўқ қилиб, пул маблағларини тегишли тартибда банк муассасасига топширмасдан ўзаро тақсимлаб, давлат бюджетининг пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Шунингдек, Д.М. ўз вазифаси юзасидан бажариши лозим бўлган харакатларни қасддан бажармасдан, 2014-2015 йиллар давомида паспорт тизими қоидалари, яъни ўз вақтида паспорт олмаган ёки алмаштириш муддатини ўтказиб юборган 821 нафар фуқароларга тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш чораларини кўрмаган. Натижада жами 88.938.700 сўм маъмурий жарималар ундирилмай қолинган, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.

Судланувчи жараёнда ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг айби гувоҳлар кўрсатмаси ва бошқа далиллар билан ҳам ўз исботини топган дея ҳисобланди. Д.М.га нисбатан қўйилган айблов ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари ва 208-моддаси билан тўғри квалификация қилинган дея хулоса қилинди.

Якуний ҳукмга кўра, судланувчи узил-кесил 1 (бир) йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш хуқуқидан махрум қилиб, иш ҳақининг 20 (йигирма) фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Келтирилган зарар эса тўлиқ ундирилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+