Бухорода қарзлар, тадбирлар ва туризм маҳалласи учун миллардлаб сўм ажратилди
Халқ депутатлари вилоят кенгашининг маҳаллий бюджет бўйича қарори эълон қилинди.
Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг маҳаллий бюджетнинг 2024 йил қўшимча манбаларини йўналтириш бўйича қарори эълон қилинди.
Унга кўра, вилоят ҳокимлиги таклифи билан кенгаш маҳалла раисларини "Рақамли маҳалла" тизимидан фойдаланиш учун планшетлар билан таъминлаш:
- 2024 йилда вилоят маҳаллий буджет параметрларида иссиқлик тармоқлари ва қозонларини таъмирлаш учун кўзда тутилган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида ажратилган маблағларни тармоқ корхоналари орқали молиялаштиришга;
- "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси"га ажратилган маблағлар бўйича ўтказилган тендер ва танлов савдолари якунларига кўра, иқтисод қилинган 4989,9 млн.сўм миқдоридаги маблағларни 2-иловага мувофиқ йўналтиришга ва бошқаларга қарор қилади.
Биринчи иловага кўра, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш харажатлари учун жами 2 млрд. 358 млн. берилади. Шундан "Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси"ни бош режасини ишлаб чиқиш учун 871 млн., пенсия тўлови учун зарур бўладиган сервер қурилмасига 181 млн. сўм, тегишли тадбирлар, фестиваллар ва меҳмонларни кутиб олиш харажатлари учун 700 млн. сўм ажратилади.
Шунингдек, "Ягона буюртмачи хизмати" ДУК кредиторлик қарзларини қоплаш учун 4 млрд. 989 млн. сўм ажратилади. Шундан Бухоро шаҳридаги мактаб-интернатнинг қурилиши ва бошқа харажатлари учун 1 млрд. 989 млн., Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларидан ҳосил бўлган харажатлар учун 3 млрд. сўм бериш кўзда тутилган.
Бундан ташқари қатор туманлар бюджетига ўзгатириш киритилиб, 860 млн. сўм маблағ Ғиждувон туманидаги туризм маҳалласи учун тақдим этилади.