Педагогларга устама белгилаш учун асос бўладиган сертификатлар рўйхати муҳокамага қўйилди
Қарор лойиҳаси юзасидан муҳокамалар, таклиф ва изоҳлар жорий йилнинг 22 май кунига қадар қабул қилинади.

Педагогларга устама белгилашда қўлланиладиган умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати муҳокамага қўйилди.
Олий тaълим, фaн вa инновaциялaр вaзирлиги ҳамда Мaктaбгaчa вa мaктaб тaълими вaзирлигининг “Хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Regulation.gov.uz сайтида халқ муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳада хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасини белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати илова қилинган.
Мазкур қарор олий таълим ҳамда ўрта умумий ва махсус таълим муассасаларида дарс берувчи педагог ходимларга хорижий тиллар ва умумтаълим фанларини билиш даражасига қараб устама белгилашда инобатга олинувчи сертификатлар борасидаги тушунмовчиликларни бартараф этиши мумкин.
Бироқ, лойиҳага қўшимча қилинган изоҳда таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларнинг расмий рўйхатидан ўтган тест марказларига (authorized test centers) ташриф буюрмасдан, ташкилот вакилларининг бевосита назорати остида топширмасдан, масофадан (Remote, Home Edition ва бошқа турлари) олинган сертификатларга имтиёз ва устамалар қўлланилмаслиги кўрсатилган ва бу мунозаларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, амал қилиш муддати чекланмаган (белгиланмаган) сертификатлар учун сертификат олинган кундан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёз ва устамалар қўлланилаши таъкидланган.
Бундан ташқари, мазкур қарор кучга киргунга қадар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ олинган сертификатларга уларнинг олинган кунидан бошлаб амал қилиш муддати тугагунга (муддати чекланмаган (белгиланмаган) сертификатлар учун сертификат олинган кундан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида) қадар имтиёз ва устамалар қўлланилиши қайд этилган.
Қарор лойиҳаси юзасидан муҳокамалар, таклиф ва изоҳлар жорий йилнинг 22 май кунига қадар қабул қилинади.