Ўзбекистон ЕОИИга аъзо давлатлар билан савдо тўсиқларини бартараф этишга тайёр
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иттифоқ кенгаши мажлисидаги нутқида маълум қилди.
Сиёсат
8 май, 23:02
Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши мажлисидаги нутқида ЕОИИга аъзо давлатлар билан савдо тўсиқларини бартараф этишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон раҳбари қуйидаги таклифларни илгари сурди:
- Ўзбекистон Ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ўрта муддатдаги истиқболга мўлжалланган Қўшма тадбирларнинг янги комплекс режасини тайёрлаш;
- ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқдаги тўсиқ ва чекловларни биргаликда бартараф этиш, 2009 йилда қабул қилинган Товарлар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига Ўзбекистоннинг қўшилиш жараёни бошланди;
- Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари бозорлари билан боғловчи “Шимол – Жануб" транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича яқин мулоқотни давом эттириш, мамлакатлар ўртасида транзитга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш мақсадида жорий этилаётган ЕОИИ божхона транзитининг ягона тизими билан Рақамли ҳамкорлик бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
- саноат кооперацияси соҳасидаги лойиҳалар ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурлари бўйича биргаликда яратилаётган саноат зоналари ва технопаркларда янги қувватларни жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш;
- бирлашма доирасида саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус механизм имкониятларидан фойдаланиш;
- Евроосиё Агроэкспрессини ривожлантириш, “яшил” ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этишни қўллаб-қувватлаш;
- иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларида умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва яқин ҳамкорлик қилиш, бунда тегишли Ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлисларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш;
- меҳнат мигрантлари фаолияти учун рақамли платформаларга уланган ҳолда қулай шароит ва ижтимоий кафолатларни шакллантириш;
- сайёҳлар алмашинувини кескин оширишга қаратилган қўшма туристик дастур ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш.