ЕОИИ давлатлари фуқаролари Ўзбекистонга фақат паспорт билан келиб кетишлари мумкин бўлади
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида айтиб ўтди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартиб жорий этилади.
Бу ҳақда 26 декабр куни Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида ўтаётган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида айтиб ўтди.
ЕОИИ аъзолари – Россия, Беларус, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон. Ўзбекистон, Молдова ва Куба эса кузатувчи мақомида.
2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябр ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.
Ўзбекистон, шунингдек, ЕОИИнинг савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон раҳбари ўзаро савдодаги савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқишни таклиф этди.
Тадбир якунида Ягона божхона транзити тизими тўғрисидаги битим имзоланди.
ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши 2025 йил апрел ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.