platina.uz

Грузияда оммавий намойишлар: саккиз киши жабрланди

Тбилисида "хорижий агентлар" бўйича қонунга қарши намойишлар давом этмоқда. Намойишчилар бу қонунни Россиядан андоза олиш дея баҳолади. 

Жаҳон
2 май, 10:26
Грузияда оммавий намойишлар: саккиз киши жабрланди

1 май куни Тбилисида хорижий агентлар ҳақидаги қонунга қарши ўтказилган митинг чоғида камида саккиз киши жароҳатланди.

Уларнинг барчаси шифохоналарга етказилган, деб хабар берди Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Айни дамда намойишчиларнинг аксарияти парламент биноси олдидаги майдонни тарк этишган.

"1 май куни Руставели проспектидаги норозилик намойиши чоғида 8 нафар тинч аҳоли яраланди. Улар шифохонага ётқизилган. Улардан бири аллақачон уйига жўнатилган, — дейилади Рустави2 телекомпанияси баёнотида.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича, қурбонларнинг аксарияти юз, бош ва тананинг бошқа қисмларидан жароҳат олган. Намойишчиларнинг баъзилари мастлик ва нафас олиш тизимидаги асоратлардан азият чекди. 2 майга ўтар кечаси Грузия парламентида хавфсизликнинг қизил даражаси эълон қилинди ва муассаса ходимларига бинони тарк этиш буюрилди. Маҳаллий вақт билан 03:30 атрофида намойишчилар парламент биносининг биринчи қаватидаги ойнани темир қувур билан синдириб, хоналардан бирига бир нечта тутунли бомба улоқтиришган. Шундан сўнг Грузия Ички ишлар вазирлиги ходимлари парламент биноси яқинида намойишчиларни оммавий равишда ҳибсга олишни бошлади. Айни пайтда, ТАСС мухбирининг хабар беришича, парламент биноси ёнида атиги бир неча ўнлаб намойишчилар қолмоқда. Полициянинг айтишича, тез орада шаҳар хизматлари Руставели проспектида пайдо бўлади ва йўлни тозалайди. Митинг якунланишидан аввал махсус кучлар парламентга хизмат кўрсатиш эшиклари дарвозаларига баррикадалар ўрнатаётган намойишчиларни ортга итариб юборди. Грузияда намойишлар бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда.

1 май куни "Хорижий агентлар тўғрисида" ги қонун иккинчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг, парламент биноси олдида яна кўплаб намойишчилар йиғилди. Намойишчилар бу қонун Европа Иттифоқига киришга уринаётган Грузияга мос келмаслигини айтишган. Шунга ўхшаш қонунлар Россия ва Қирғизистонда ҳам мавжуд.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+