НАТО Россия билан эҳтимолий урушга тайёрланмоқда
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, НАТО томони уруш эҳтимолини паст баҳоласа ҳам, тайёргарликни бошлаб юборган.
НАТО томони Россиянинг алянсга ҳужум қилиш эҳтимоли кам баҳолансада, урушга тайёргарликни бошлади. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар бермоқда.
НАТОдаги энг фундаментал келишмовчиликлардан бири бу альянсга аъзо мамлакатларнинг таҳдидлар, жумладан, терроризм ва Россия ҳаракатларига нисбатан қарашларидаги тафовутдир. Нашрнинг ёзишича, НАТО стратеглари яқин келажакда альянсга "Россиянинг тўғридан-тўғри бостириб кириши" даргумон, деб ҳисобламоқда, бироқ улар урушга тайёргарлик кўра бошлаган.
Бундан ташқари, НАТО мамлакатларидаги баъзи ҳарбий амалдорлар "Москва бир неча йил ичида ҳужумни амалга ошириш учун етарли даражада кучли бўлиши мумкин", дея ҳисобламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Россия Украина шарқидаги сценарий каби уруш бошлаши ҳам мумкин.
НАТО жорий йилда 1988 йилдан буён илк бор ўзининг "Қаттиқ ҳимоячи" деб номланган энг йирик машғулотларини ўтказишга қарор қилди. Улар февралдан майгача Европада бўлиб ўтади ва уларда иттифоқчи мамлакатлардан 90 минг ҳарбий хизматчи қатнашади. Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Николай Патрушев ушбу машғулотларда "Россия билан қуролли тўқнашув сценарийси ишлаб чиқилаётганини" таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябр ойида Чехия президенти Петр Павел НАТО Россияни Европа учун биринчи рақамли таҳдид деб билишини айтганди. 2024 йил январь ойида эса альянс бош котиби Йенс Столтенберг Россия Федерациясидан ҳеч қандай таҳдид кўрмаётганини айтди. Февраль ойида Bild нашри немис ҳукумати кутаётган "Россиянинг НАТОга ҳужуми босқичлари"ни эълон қилди, улардан бири рус қўшинларининг Германия ҳудудига кириб келишини ўз ичига олади.
Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Сергей Шойгунинг таъкидлашича, Россияда НАТО давлатларига ҳужум қилиш режаси йўқ. Мамлакат президенти Владимир Путин ҳам уруш ҳақидаги гапларни ёлғон дея атаганди.