Россияда кузги сафарбарлик эҳтимоллари
14 август куни The Guardian Россияда армияни кадрлар билан тўлдириш тизимида жиддий муаммолар юзага келгани ҳақида хабар берди: янги шартномачилар оқими фронтдаги улкан йўқотишларни аввалгидек осонлик билан қоплаш имконини бермаяпти. Ҳукумат молиявий рағбатларни оширишга ва бир вақтнинг ўзида ҳарбий хизматга жалб этиш мумкин бўлган янги тоифадаги одамларни излашга мажбур бўлган.

Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганига қарийб тўрт ярим йил бўлган бир пайтда, Кремл урушга оммавий сафарбарликни эълон қилиш дилеммаси олдида қолмоқда.
Ҳозиргача ҳукумат «Сизни урушга чақиришяпти» эмас, балки «Агар ўзингиз урушга боришга рози бўлсангиз, биз сизга яхши ҳақ тўлаймиз» қабилида иш тутиб келяпти. Бу тизим узоқ вақт нисбатан самарали ишлади. Аммо энди ундаги узилишлар тобора яққол кўринмоқда.
14 август куни The Guardian Россияда армияни кадрлар билан тўлдириш тизимида жиддий муаммолар юзага келгани ҳақида хабар берди: янги контрактчилар оқими фронтдаги улкан йўқотишларни аввалгидек осонлик билан қоплаш имконини бермаяпти. Ҳозир Украинадаги урушга ҳар ойда ўртача 30 минг Россия аскари ерга ўғит бўлмоқда. Россия ҳукумати молиявий рағбатларни оширишга ва бир вақтнинг ўзида ҳарбий хизматга жалб этиш мумкин бўлган янги тоифадаги одамларни излашга мажбур бўляпти.
Хўш, Россия иккинчи катта сафарбарликка яқинлашмаяптими?
Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб бериш мумкин эмас. Аммо Путин ўзи очган ваҳший ва адолатсиз уруш учун етарли қурбон топишга қийналиб қоляпти.
Россия ўз йўқотишлари ҳақида ишончли статистикани эълон қилмайди. Шунинг учун манзарани мустақил ҳисоб-китоблар ва билвосита маълумотлар асосида тиклашга тўғри келади. Mediazona, BBC Russian ва кўнгиллилар жамоаси 200 мингдан ортиқ ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчининг исмларини аниқлаган. Бу прогноз ёки тарғиботга асосланган баҳо эмас — ҳужжатлар билан тасдиқланган энг кам кўрсаткичдир. Mediazona ва Meduza статистик таҳлили эса янада юқори рақамни кўрсатади — 2025 йил охирига келиб ҳарбий хизмат ёшидаги тахминан 352 минг россиялик эркак ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
Американинг CSIS таҳлил маркази 2026 йил ёзига келиб Россиянинг умумий жанговар йўқотишларини тахминан 1,4 миллион киши, жумладан ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар билан бирга баҳолаган.
Гарчи рақамлар ўртасида катта фарқ бўлсада, уларнинг умумий хулосаси ўзгармайди.
Россия одамларни шундай миқёсда йўқотмоқдаки, бу йўқотишларни армиянинг оддий кадрлар айланмаси ҳисобига қоплашнинг иложи йўқ. Таҳлилчилар баҳосига кўра, 2026 йилда Москва ойига тахминан 27–30 минг янги ҳарбий хизматчини жалб қила олади. Шу миқдорда — айрим баҳоларга кўра, ундан ҳам кўпроқ — одам ҳалок бўлади ёки сафдан чиқади.
Украина президенти Владимир Зеленский июл ойида Россия йилнинг дастлабки етти ойида тахминан 221 минг ҳарбий хизматчини жалб қилганини, йўқотишлар эса тахминан 225,5 минг кишини ташкил этганини айтди.
Бу рақамлар Украина разведкаси баҳоси бўлиб, улар тўлиқ мустақил равишда тасдиқланмаган. Аммо уларнинг ўзи ҳам Кремл учун тобора яшириш қийинлашаётган муаммони кўрсатади. Чунки янги одамлар фақат сафдан чиққанларни алмаштириш учун келаётган бўлиб, армия ўсмаяпти. У шунчаки аввалги ҳажмда урушни давом эттиряпти.
Аскар — ўқ-дори эмас
Камдан-кам гапириладиган яна бир жиҳат бор. Янги чақирилган одам фронтда тайёр аскар сифатида пайдо бўлмайди. Унга тайёргарлик, командирлар, техника, тиббий таъминот ва жанговар мувофиқлаштириув зарур бўлади. Тўғри, руслар урушга жўнатилаётган рус бўлмаган миллат вакилларини ҳеч қандай тайёргарликсиз дарров майдонга “тўп еми” сифатида ташлаяпти. Хорижий нашрларнинг манбалар ва таҳлилчиларга таяниб ёзишича, бундай аскарлар уруш майдонида ўртача 20 дақиқа яшайди холос. Гувоҳларнинг айтишича эса, шартнома имзолаб, урушга борганлар узоғи билан 20 кун яшайди. Жанговор ҳаракатларга киришган аскарларнинг деярли 80 фоизи илк дақиқаларда ҳалок бўлади. Улар ҳам кейинги 2-3 операция давомида барибир ракета ёки дрон ўқидан ўлиб кетади.
Қолаверса Россия ҳарбийларига хос миллатчилик ва шовинизм боис, энг хавфли ва ўлим “кафолатланган” вазиятларга рус бўлмаган аскарлар жўнатилади. Бу омил ҳам бошқа миллат вакилларининг тез ўлишига сабаб бўлиб келяпти.
Аммо жанговор мақсадларга эришиш учун, барибир аксарият аскарларни ўқитиб тайёрламаса бўлмайди. Шунинг учун давлат ҳар ой 30 минг одамни жалб қилса ҳам, бу автоматик равишда 30 минг тўлақонли жанговар аскарга эга бўлди, дегани эмас. Агар бир вақтнинг ўзида ўн минглаб одам ҳалок бўлса ёки яраланса, муаммо янада чуқурлашади.
Армия янги захира яратиш ўрнига ўз сафидаги бўшлиқларни тўлдиришга мажбур бўла бошлайди. Бу икки мутлақо бошқа ҳолат. Захира яратаётган армия йирик ҳужумларни амалга ошириш, бўлинмаларни қайта тиклаш ва кутилмаган йўқотишларни қоплаш имконига эга. Доимо мавжуд бўшлиқларни ёпаётган армия эса бугунги кун билан яшашга мажбур.
Сафарбарлик ўрнига пул
Россия ҳукумати «ихтиёрий ватанпарварлик» ғоясининг имкониятлари чекланганини англагач, Кремл янада тушунарли инсон омилига — пулга таянди. Контракт учун миллионлаб рубль. Ҳудудий тўловлар. Федерал мукофотлар. Имтиёзлар. Айрим тоифалар учун қарзларни кечириш.
Камбағал Россия ҳудудлари аҳолиси учун бу маблағлар ниҳоятда катта сумма бўлиши мумкин. Аммо иқтисодий механизмнинг ҳам чегараси бор. Одам бир неча миллион рублни ҳалок бўлиш ёки оғир жароҳат олиш эҳтимоли билан солиштира бошлаганда, пул энди чексиз даражада самарали рағбат бўлиб қолмайди. Шунда давлат янада кўпроқ тўлашга мажбур бўлади. Шундай қилиб, урушнинг ўзига хос инфляцияси пайдо бўлади:
кейинги ҳар бир аскар аввалгисидан қимматроққа тушади.
Бу энди фақат ҳарбий муаммо эмас. Бу иқтисодий муаммо ҳамдир. Контрактчи сафарбар қилинган одамдан сиёсий жиҳатдан қулайроқ. Кремль нега янги сафарбарликдан шунча вақт қочиб келаётганининг сабаби ҳам шунда.
Контрактчи — сиёсий жиҳатдан қулай объект. У ҳужжатни ўзи имзолайди. Расман қарорни ўзи қабул қилади. Давлат эса: «У Ватанни ҳимоя қилиш учун ихтиёрий равишда кетди», деб айтиши мумкин. Сафарбар қилинган одам эса бутунлай бошқа масала. Унга таклиф қилинмайди. Унга буйруқ берилади. Шу пайт уруш тўғридан-тўғри оила ҳаётига кириб келади.
Россия буни 2022 йил сентябрида аллақачон кўрган. Қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин минглаб эркаклар мамлакатни тарк этишга уринди. Чегараларда навбатлар пайдо бўлди, халқаро авиарейслар чипталари қимматлашди ва «сафарбарлик» сўзи Россия ички сиёсатининг энг қўрқинчли сўзларидан бирига айланди.
Кремль бундан тегишли хулоса чиқарди. Миллионлаб одамни урушга мажбурлашдан кўра, кўнгиллига катта пул тўлаш сиёсий жиҳатдан маъқулроқ. Аммо бу моделнинг ҳам чегараси бор. Кўнгиллилар камайганда нима бўлади? Шунда тизимнинг табиати аста-секин ўзгара бошлайди. Аввалига давлат ҳарбий хизматни тарғиб қилади. Кейин тўловларни оширади. Сўнг пулга айниқса сезгир бўлган ижтимоий қатламлар орасидан потенциал контрактчиларни излайди. Кейин маъмурий босим кучаяди. Ва ниҳоят давлат қочишга ҳаракат қилаётган сўз пайдо бўлади: сафарбарлик.
Энг ёқимсиз масала — иқтисодиёт
Тасаввур қилайлик: Кремль ҳақиқатан ҳам яна 300–500 минг кишини урушга сафарбар қилди. Бир қарашда Россия шунча миқдорда қўшимча аскар олади. Аммо бир вақтнинг ўзида иқтисодиёт юз минглаб ишчилардан маҳрум бўлади.
Россия иқтисодиёти шундоқ ҳам ишчи кучи танқислиги шароитида яшамоқда. Заводга ишчи керак. Армияга аскар керак. Қурилиш компаниясига ҳайдовчи керак. Фронтга дрон оператори керак. Давлатга эса ҳаммаси керак.
Шунда шафқатсиз парадокс пайдо бўлади: давлат қанча кўп одамни урушга юборса, урушни молиялаштириши керак бўлган иқтисодиёт учун шунча кам одам қолади. Шунинг учун янги сафарбарлик — фақат ҳарбий қарор эмас. Бу мамлакатнинг инсон капиталини қайта тақсимлаш ҳақидаги қарор ҳамдир.
Хулоса ўрнида
Уруш — бу фақат қуроллар мусобақаси эмас. Бу иқтисодиётлар мусобақаси ҳамдир. У саноатлар мусобақаси. Демографиялар мусобақаси. Ва энг аввало — йўқотишларни қоплаш қобилияти мусобақаси.
Россия ҳозирча бу синовга дош бермоқда. Аммо у тобора юқори нарх эвазига дош бермоқда. Ҳар ой Кремл ўн минглаб янги одамларни излашига тўғри келяпти. Бунинг учун ҳар ой тобора кўпроқ пул сарфланмоқда. Ҳар ой ўн минглаб одамлар сафдан чиқмоқда. Ва ҳар ой бу уруш нега давом этиши кераклигини жамиятга тушунтириш тобора қийинлашмоқда.
Шунинг учун 2026 йил кузининг асосий саволи: «Путин сафарбарлик эълон қиладими?» эмас. Асосий савол анча кескин: «Россия тизими жамиятдаги миллионлаб одамларни ўз эркинлиги, соғлиғи ва ҳаёти билан уруш учун бевосита тўлашга мажбур қилмасдан туриб, яна қанча вақт уруш олиб бориши мумкин?» қабилида бўлади.
Агар жавоб янги сафарбарлик бўлса, бу шунчаки яна бир неча юз минг нафар россиялик ҳарбий хизматчининг пайдо бўлиши дегани эмас. Бу аввалги модель — пул — мажбурлаш ўрнига, контракт — сафарбарлик ўрнига, кўнгилли чақирилувчи ўрнига қўлланилган тизим ўз чегарасига етганини тан олиш бўлади.
Шунда 2026 йил кузи янги урушнинг бошланиши эмас. У айни урушнинг янги босқичи — Россия учун инсон ресурси фронт чизиғи каби муҳим бўлиб қоладиган босқичнинг бошланиши сифатида тарихда қолиши мумкин.
