ДХХ солиқчи, МИБ ходимлари ва адвокатни қўлга олди

Жумладан, Сирдарёда солиқ бошқармаси амалдори 4 минг доллар олаётганда далиллар билан ушланган. 

Жамият
25 апрель, 11:14
ДХХ солиқчи, МИБ ходимлари ва адвокатни қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда солиқчилар, МИБ ходимлари ва адвокат ушланди. 

Жумладан,  Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи 3 та МЧЖнинг солиқ қарзларини, ушбу МЧЖларни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани солиқ инспекцияси катта инспектори боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 2023 ва 2024 йиллар учун ер солиғидан аниқланган 11 млн. 200 минг сўм миқдоридаги қарздорлигини бартараф қилиб бериш эвазига 7 млн. сўм, шунингдек, ушбу фермер хўжалик раҳбарининг танишига тегишли нотурар жойнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган 55 млн. 100 минг сўм қарздорлигини ҳам тўлиқ бартараф қилиб бериш эвазига 28 млн. сўм талаб қилади. У талаб қилинган жами 35 млн. сўм пул маблағини олган вақтида ушланди. 

Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги мева-сабзавот сақлаш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга совутиш омбори қуриш ва унга зарур бўладиган агрегатлар сотиб олиш учун 2023 йилнинг январь ойида акциядорлик тижорат банкидан 170 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади. Аммо, олинган кредитни тўлаш даврида 3 ойлик қарздорлик юзага келиб, уни ундириш мақсадида банк томонидан Мажбурий ижро бюросининг Учқўрғон туман бўлимига мурожаат қилинади. 

Шундан сўнг, МЧЖ томонидан кредит қарздорлиги тўлансада, бюронинг 2 нафар давлат ижрочиси МЧЖ раҳбарини алдаб, гўёки туман прокуратураси томонидан кредит маблағи мақсадсиз сарфланганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилганлигини айтиб, уни жавобгарликка тортилмаслигига ёрдам бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилишади. МИБ Учқўрғон туман бўлимининг давлат ижрочилари сўралган пул маблағини олган вақтларида ушланди.

Жиззах шаҳридаги адвокатлар ҳайъати адвокати Жиноят Кодексининг 165- ва бошқа моддалари билан айбланиб, "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ўз ҳимоясидаги судланувчига нисбатан, суд органларидаги мансабдор танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлатиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+