Тайванда яна кучли зилзила кузатилди
Оролда шу йилнинг 3 апрел куни юз берган ер силкиниши оқибатида 17 киши қурбон бўлганди. Энг ҳалокатли зилзила эса 1999 йилда содир бўлган.
Тайван метеорология хизмати кеча тунда оролнинг шарқий қирғоқларида максимал 6,3 магнитудали 80 дан ортиқ зилзила содир бўлганини маълум қилди.
Унинг бир қисми пойтахт Тайбэйда сезилган.
Қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Биринчи силкинишлар маҳаллий вақт билан тахминан 17:10 да бошланган.
Ер силкинишлари асосан 3 апрель куни 7,4 магнитудали зилзила эпицентрида бўлган Хуалян округи қишлоқларига таъсир кўрсатди. Кейин тоғли ҳудудлардан бирида кўчки содир бўлиб, йўллар тўсиб қўйилган. Туман пойтахтидаги кўплаб бинолар шикастланган. 3 апрель куни содир бўлган зилзила камида 17 кишининг ҳаётига зомин бўлганди.
Ер силкинишидан сўнг Хуалян ўт ўчириш бошқармаси хабар беришича, биринчи зилзила пайтида вайрон бўлган меҳмонхона биноси сезиларли даражада қийшайган.
Тайван иккита тектоник плиталарнинг туташган жойида жойлашган, шунинг учун оролда зилзилалар тез-тез содир бўлади.
3 апрелдан кейин юзлаб ерости силкинишлари Хуалян шаҳрида тош қулашига сабаб бўлди.
Тайван тарихидаги энг кучли зилзила 1999 йилда юз берган ва унда 2400 киши ҳалок бўлган.
Шундан сўнг, оролда зилзилаларга чидамлилик талаблари ортиб бораётган қаттиқ қурилиш қоидалари жорий этилди. Бундан ташқари, ҳукумат томонидан аҳолининг табиий офатлардан хабардорлигини ошириш учун махсус дастур амалга оширилди.