platina.uz

Тайванда 7,7 баллик зилзила: тўрт киши қурбон бўлган

Бундай кўламдаги зилзила ҳудудда 1999 йилда кузатилганди. У 5 мингдан ортиқ биноларни вайрон қилган ва 2400 кишининг ўлимига сабаб бўлганди. 

Жаҳон
3 апрель, 9:18
Тайванда 7,7 баллик зилзила: тўрт киши қурбон бўлган

Тайвандаги жуда кучли зилзила оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, 97 киши жароҳатланди, деб ёзади China Times.

Зилзиланинг максимал магнитудаси, турли ҳисоб-китобларга кўра, 7,2 дан 7,7 гача бўлган. Бу ҳудудда 1999 йилдан бери энг кучли ер силкинишидир.

Зилзила эпицентри, АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, Тайваннинг Хуалян шаҳридан 18 км жанубда жойлашган.

Зилзиладан кўп ўтмай Япония ва Филиппинда цунами ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди. Кейинчалик Япония метеорология агентлиги огоҳлантириш даражасини пасайтирди, аммо шунга қарамай, шунга ўхшаш магнитудали зилзилалар бир ҳафтагача давом этиши мумкинлигини ва жамоатчилик ҳушёр бўлиши кераклигини таъкидлади.

Тинч океанидаги цунамидан огоҳлантириш маркази зилзиладан икки соат ўтиб, хавф ўтганини эълон қилди.

Хитой давлат матбуоти зилзила мамлакат жануби-шарқидаги материк Фуцзян провинциясида ҳам сезилганини хабар қилди.

"Зилзила қуруқликка яқин жойда, саёз чуқурликда бошланди. Бу бутун Тайван ва қўшни оролларда сезилди. Бу сўнгги 25 йилдаги энг кучлиси", — деди Тайпей сейсмология маркази раҳбари Ву Чиен Фу.

Тайваннинг йирик яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчиси ТСМC ўзининг Хсинчу ва орол жанубидаги бир нечта заводларидан ходимларни эвакуация қилганини айтди, аммо компанияга кўра, хавфсизлик тизимлари нормал ишламоқда. ТСМC Apple ва Nviada каби компаниялар учун чиплар ишлаб чиқаради.

Оролнинг ички қисмида релеф жуда тоғли. Ижтимоий тармоқлардаги кадрларга қараганда, зилзила у ерда катта кўчкиларга сабаб бўлган. Бироқ, оқибатларнинг кўлами ҳали маълум эмас.

1999 йил сентябр ойида Тайванда 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. У 5 мингдан ортиқ биноларни вайрон қилди ва 2400 кишининг ўлимига сабаб бўлганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+