Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Тожикистонга борди
Душанбе аэропортида Ўзбекистон раҳбарини президент Эмомали Раҳмон кутиб олди. Икки давлат раҳбарлари тор доирада музокара ўтказдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрига келди.
Пойтахт аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди ва икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди. Ўзбекистон Президентини кутиб олишда Тожикистон ёшлари ва ижодий жамоалари вакиллари ҳам қатнашди.
Сўнг Президентимиз “Дўстий” майдонига ташриф буюриб, Исмоил Сомоний ҳайкали пойига гул қўйди.
Таъкидлаш жоизки, олий даражадаги музокараларда етакчилар Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, халқаро ва минтақавий даражадаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашадилар.
Ташриф дастурида икки мамлакат санъат усталарининг концертини биргаликда томоша қилиш ҳамда «Made in Uzbekistan» маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиш режалаштирилган.
Давлат ташрифи доирасида бир қатор тадбирлар, шу жумладан хотин-қизлар форуми, Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар, олимлар ва тарихчилар конференцияси, миллий таомлар ва туризм салоҳияти фестивали бўлиб ўтди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида Ректорлар форуми ва Душанбе шаҳрида бизнес форуми ўтказилган эди.
Душанбедаги “Қасри Миллат” қароргоҳида давлат ташрифи билан Тожикистонга келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар. Биргаликда суратга тушилди.
Душанбедаги “Қасри Миллат” давлат қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон тор доирада учрашув ўтказдилар.
Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқладилар.
Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш экани таъкидланди.
Шу маънода, иттифоқчилик муносабатларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш барча даражалардаги мулоқотлар натижадорлигини оширишни тақозо этиши қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди.
Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш, шу жумладан ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилган бўлиб, унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилди.
Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.
Томонлар кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни ҳам белгилаб олдилар. Шу мақсадда қўшма Инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фойдаланилади.
Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва ёшлар форумлари мунтазам ўтказилиши таъкидланди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамёнбоп туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари Президент Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.