Трампнинг "Украина бўйича махфий режаси" ошкор бўлди
У аввал президентлик сайловларида ғалаба қозонса, "Россия ва Украина ўртасидаги урушни 24 соат ичида тўхтатиши"ни ва томонларни музокара столига ўтказишини айтган эди.
Washington Post газетаси аноним манбаларга асосланиб ёзишича, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп агар Оқ уйга қайтса, Киевга босим ўтказиб, Украинадаги урушни тўхтатиш ниятида.
Газетанинг режадан хабардор бўлган суҳбатдошлари Украина ўз ҳудудининг бир қисми, жумладан, Қрим ва Донбассдан воз кечишига тўғри келишини айтишган.
Бу ёндашув Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш ва Россия агрессиясига қаршилик кўрсатишга урғу берган АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден сиёсатига тубдан зиддир.
Доналд Трамп аввалроқ президентлик сайловларида ғалаба қозонса, "Россия ва Украина ўртасидаги урушни 24 соат ичида тўхтатиши"ни ва томонларни музокара столига ўтказишини айтган эди.
Трампни қўллаб-қувватловчи ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчилар ва стратеглар НАТОнинг янада кенгайишига қарши (аслида Украинанинг ташкилотга қабул қилинишига қарши) ва Вашингтон АҚШ манфаатларига Хитойдан келаётган таҳдидларни зарарсизлантириши ва Россиянинг Пекинга ҳарбий, саноат ва иқтисодий соҳаларда қарамлиги янада ошишига йўл қўймаслик кераклигини таъкидламоқда, деб ёзади Wашингтон Пост.
Шахсий суҳбатда Трамп Россия ҳам, Украина ҳам мавжуд вазиятдан "ўз юзини сақлаб қолишни, чиқиш йўлини исташига" ишонишини ва Украинанинг айрим ҳудудлари аҳолиси Россиянинг бир қисми бўлишга қарши эмаслигини айтган.
Баъзи Трамп тарафдорлари уни бу ёндашувдан воз кечишга кўндиришга ҳаракат қилишган
Доналд Трампнинг сайловолди кампанияси газетанинг ушбу мақола ҳақидаги саволларига бевосита жавоб беришдан бош тортди.
"Трампнинг режаси ҳақидаги ҳар қандай тахминлар нима бўлаётгани ёки нима бўлиши ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган номаълум ва маълумотга эга бўлмаган манбалардан келади", деди унинг сайловолди ташвиқоти вакили Каролин Леавитт.
"Президент Трамп қирғинни тўхтатиш ҳақида гапираётган ягона одам", - дея қўшимча қилди у.